Поликлиника кўркам қиёфага кирди
Аҳоли саломатлиги таъминлаш йўлида салмоқли ишлар амалга оширилиб, соҳага ажратилаётган инвестициялар кўлами ортиб бормоқда. Айни шу ғамхўрлик сабаб Наманган шаҳри тиббиёт бирлашмаси қошидаги кўп тармоқли марказий поликлиника биноси Мустақиллик байрами арафасида кўркам ва замонавий қиёфага кирди.
Олти қаватдан иборат шифо масканини капитал реконструкциядан чиқариш учун давлат бюджетидан 11 миллиард 800 миллион сўм маблағ ажратилди. Бунинг натижасида, аҳолига сифатли бирламчи тиббий хизмат кўрсатиш имконияти юзага келди. Салкам қирқ йилдан сўнг таъмирдан чиқарилган ушбу поликлиника вилоят марказидаги 63 та маҳаллада истиқомат қилувчи 356 мингдан ортиқ аҳолига малакали хизмат кўрсатишга мослаштирилди.


– Бугунги кунда поликлиниканинг қуввати 850 ўринга етказилиб, 244 нафар малакали шифокор ва ўрта тиббиёт ходими фаолияти йўлга қўйилди, – дейди Наманган шаҳар марказий поликлиника мудирининг ўринбосари, олий тоифали врач Мушаррафхон Собирова. – Лаборатория, диагностика, стоматология, болалар, оилавий шифокорлар, аёллар маслаҳатхонаси, тор соҳа мутахассислари бўлимлари УТТ, ФГДС, ЭКГ, ЭЭГ, ЭХО, перенатал, колпоскопия, холтер каби сўнгги русумдаги тиббий аппаратлар ва жиҳозлар билан таъминланди.


Поликлиниканинг очилиш маросимида қатнашган Наманган вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов тамомила янгиланган муассасада фуқаролар ҳамда тиббиёт ходимларига яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишиб, аҳоли саломатлиги йўлида қайғуриш ҳар бир шифокор ва ҳамширанинг қалб амрига айланиши зарурлигини қайд этди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.