14 август – Покистон мустақиллиги куни
Покистон атамаси 1933 йил Кембриж талабаси Раҳмат Али томонидан муомалага киритилган бўлиб, урду ва форс тилларида “Мусаффо замин” деган маънони англатади. Бу юртдан кўплаб машҳур шахслар етишиб чиққан.
Расмий маълумотга кўра, Покистон дунё бўйлаб аҳолиси энг кўп давлатлар рўйхатида бешинчи ўринни эгаллаган.
Покистон Ислом Республикасининг айрим фуқаролари нафақат мамлакат, балки дунё миқёсида ҳам машҳур. Уларнинг меҳнати, саъй-ҳаракати, фидойилиги тарих зарварақларига муҳрланган.
Муҳаммад Али Жинна – Покистоннинг биринчи генерал-губернатори
Покистонликлар қалбида ҳамон тирик бўлган энг машҳур шахс ва етакчи Муҳаммад Али Жинна (1876-1948) Покистоннинг биринчи генерал-губернатори. У бошқа кўплаб раҳбарлар қатори қитъа мусулмонлари орзусини рўёбга чиқарган. Ўза муҳтожларга мухторият таркибилан яшашлари учун алоҳида ҳудуд ажратган.
Али Жинна Покистонни алоҳида давлатга айлантиришга жасорат билан ҳисса қўшган инсонлар рўйхатида биринчи ўринни банд этган.
Лиақат Али Хон – Покистоннинг биринчи Бош вазири
Лиақат Али Хон (1895-1951) – буюк давлат ва сиёсат арбоби. Покистонни барпо этиш ҳаракати раҳбарларидан бири, ҳуқуқшунос. Биринчи Бош вазир.
Аллома Иқбол – Мамлакатнинг энг машҳур ёзувчиси
Аллома Муҳаммад Иқбол (1877-1938) – машҳур шоир, файласуф ва давлат арбоби.
Ислом оламида “Аллома Иқбол” номи билан ёдга олинади. Ҳиндистон мустақиллиги учун олиб борилган сиёсий курашларда фаол иштирок этган. Ҳиндлар ва мусулмонлар ўртасидаги келишмовчилик авж олиб кетгани ва икки жамият ўртасида сулҳга эришиш имконсиз эканини тушуниб етгач, Ҳиндистон мусулмонлари учун мустақил давлат тузиш ғоясини ёқлаб чиққан. У Покистон давлати юзага келишидан олдин вафот этган бўлса-да, бу ғояни илк бор ёқлаб чиққан инсон сифатида Покистоннинг маънавий асосчиси ҳисобланади. Халқ Аллома Иқболни “Покистон мутафаккири” ва “Шарқ шоири” сифатида эъзозлайди. У нафақат икки давлат, балки дунёнинг кўпгина мамлакатларида ҳозиргача ҳурмат билан ёдга олинади ва асарлари севиб ўқилади.
Хаважа Низамуддин – Покистон асосчиси ва буюк сиёсатчиси
Хаважа Низамуддин (1894-1964) Муҳаммад Али Жиннадан кейин Покистоннинг иккинчи генерал-губернатори (1948-1951) лавозимида ишлаган. 1951-1953 йиллари иккинчи Бош вазир бўлган.
Абдул Саттор Эдий – энг фаол хайриячилардан бири
Абдул Саттор Эдий (1928-2016) Покистондаги энг фаол хайриячилардан бири эди. У бутун дунё бўйлаб филиаллари очилган “Эдий жамғармаси” асосчиси. Фондга унинг рафиқаси Бегим Билкис Эдий раҳбарлик қилган. Ҳар иккаласи 1986 йил Рамон Магсайсай мукофотига сазовор бўлган. Абдул Саттор 1988 йил “Халқлар ўртасида тинчликни мустаҳкамлаш учун” халқаро мукофоти, 2000 йил Балзан мукофоти лауреати бўлган. Гиннес рекордлари китобида “Эдий жамғармаси” дунёдаги энг йирик хусусий тез ёрдам хизмати тармоғига эга тузилма сифатида эътироф этилган. 1985 йил Покистон ҳукуматининг яна бир – “Nishan-e-Imtiaz“ мукофотига сазовор бўлган.
Бағрикенгликни, зўравонликка қарши курашни тарғиб қилгани учун 2009 йил ЮНЕСКОнинг Манажит Сингх мукофотини қўлга киритган. 2010 йил Бедфордшир университети унга “Фахрий доктор” унвонини топширган.
Малала Юсуфзай – энг ёш Нобель мукофоти совриндори
Покистоннинг машҳур хотин-қизлари рўйхатида Малала Юсуфзай (1997 йил 12 июлда туғилган) биринчи ўринни эгаллаган. У кўп бор қарама-қаршиликка дуч келди, аммо халқаро платформалар орқали ҳамон миллатини ҳимоя қилади.
Малала дунёдаги энг машҳур ёш фаол қизлардан бири. У Сват водийсида, Хайбер-Пахтунхва вилояти Малаканд туманидаги мактабда ўқиган вақти бошидан ўқ еган. Шунга қарамай, ғайрати, билимга иштиёқи туфайли инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўлидан қайтмаган.
Кўплаб медиа каналлари орқали интервью бериб, машҳурликка эришгач, янги, хавфсиз ҳаётни танлаган ва чет элда яшай бошлаган.
Халқаро форумлар даражасида қўллаб-қувватланган Юсуфзай Покистоннинг биринчи Миллий Ёшлар Тинчлик мукофоти совриндори. У атиги 13 ёшида Нобель мукофотини қўлга киритган.
Васим Акрам – Покистоннинг крикет жамоаси қаҳрамони ва юлдузи
Васим Акрам (1966 йил 3 июнда туғилган) деярли ҳар бир крикет ишқибозига таниш. У бутун дунёга машҳур крикетчи, энг кучли чап қўл зарбасига эга ўйинчилардан бири.
Тест крикети бўйича халқаро мусобақалар қатнашчиси. Покистон Суперлигаси жамоаси – “Islamabad United” таркибида ҳам ўйнаган. Васим Акрам “Hilal Imtiaz” мукофоти совриндори.
Беназир Бҳутто – Покистоннинг собиқ илк аёл Бош вазири
Беназир Бҳутто (1953-2007) латофатли аёл эди. Собиқ Бош вазир Зулфиқор Али Бҳуттонинг қизи, собиқ Президент Осиф Али Зардорийнинг рафиқаси нафақат сиёсат, балки шахсий ҳаётда ҳам “беназир” эди.
У 1988-1990, 1993-1996 йилларда Бош вазир сифатида давлатни бошқарган.Мамлакатга демократия нафасини олиб кирган, инсон ҳуқуқлари учун курашган сиёсий арбоб саналади.
Шаҳид Африди – Покистон тарихидаги энг севимли крикетчи
Шаҳид Африди (1977 йил 1 мартда туғилган) Покистон тарихидаги энг севимли крикетчи ҳисобланади. У “Лала” тахаллуси билан профессионал юлдуз бўлиб танилган. 1996-2012 йиллар оралиғида Африди Покистон миллий крикет жамоаси таркибида 334 халқаро ўйинда иштирок этган. 1996 йил 2 октябрда Кенияга қарши баҳсда дебют қилган. 2014 йил бошқаларга таълим бериш ва кишиларни энг зарур эҳтиёж билан таъминлаш учун нотижорат “Шаҳид Афридий жамғармаси”ни тузган.
Доктор Абдул Қодир Хон – ядро физикаси олими, металлургия муҳандиси, Покистон ядро дастури асосчиси ва директори
(1936-2021)
“Nishan-e-Imtiaz” ва “Hilal-e-Imtiaz” мукофотлари совриндори, “Mohsin-e-Pakistan” номи билан ҳам танилган доктор Абдулқодир Хон Покистоннинг энг машҳур ядро физикаси олими. 1974 йил май ойида Ҳиндистон биринчи ядровий қурол синовини ўтказди. Абдул Қодир Хон ўша пайт “URENCO”да масъулиятли лавозимни эгаллаган ва жуда юқори даражадаги ҳуқуқларга эга эди.
1975 йил охирида Хон ядро сирларини эгаллаб Покистонга қайтиб келганда Бош вазир Зулфиқор Али Бхутто унинг олдига бойитилган уран асосида ядро бомбаси яратиш вазифасини қўйди. Хоннинг ихтиёрига тадқиқот лабораторияси берилди. Ушбу лаборатория кейинчалик унинг номи билан аталди. Ўшанда параллел равишда Мунир Аҳмад Хон бошчилигидаги Покистон Атом энергияси комиссияси ҳам плутоний асосидаги ядро бомбасини яратаётган эди. Кейинчалик икки дастур бирлаштирилди ва натижада 1998 йил 28 майда бойитилган уранга асосланган Покистон ядро бомбаси синовдан ўтказилди.
Нур Жаҳон – машҳур қўшиқчи
Нур Жаҳон (1926-2000) покистонлик қўшиқчи ва актриса, Британия Ҳиндистонида, кейинроқ Покистон киносида ишлаган. Унинг карьераси олтмиш йилдан ортиқ давом этди. Шу вақт ичида у 10 000 га яқин қўшиқ ёзган. Ҳинд мумтоз мусиқаси, шунингдек панжоб ва синдҳи каби бошқа жанрларни яхши билган. Нур Жаҳон 1951 йил “Chann Wey” фильмида режиссёрлик дебютини амалга ошириб, Покистондаги биринчи аёл режиссёрга айланди. Ҳиндистон ярим ороли, хусусан Покистон мусиқасига қўшган улкан ҳиссаси тан олинган. Покистонда унга “Malika-e-Tarannum” (Оҳанг маликаси) унвони берилган.
Нусрат Фотиҳ Али Хон – покистонлик қўшиқчи
Нусрат Фотиҳ Али Хон (1948-1997) асосан сўфийлик каввали услубида мусиқа ижро этган. Гиннес рекордлари китобида 2001 йилгача каввали ёзуви бўйича рекорд ўрнатиб, 125 та мусиқий альбом чиқарган.
Навоз Шариф – собиқ Бош вазир
Навоз Шариф 1949 йил 25 декабрда туғилган.
Покистонлик сиёсатчи ва тадбиркор. Мамлакатни уч муддат бошқариб, 9 йилдан ортиқ Бош вазир лавозимида ишлаган. Тахминан 1,6 миллиард долларлик кўрсаткич билан мамлакатнинг энг бой одамларидан бири ҳисобланади.
Покистон Ислом Республикаси машҳурлари рўйхатини сиёсатчи, олим, шоир-у ёзувчи, рассом, кино юлдузлари, санъатшунос ва спортчи-чемпионлари билан яна узоқ давом эттириш мумкин.
Муҳаррама Пирматова тайёрлади. ЎзА