Покистонда TikTok тақиқланди
Покистонда энг оммалашган TikTok ижтимоий тармоғи суд қарори билан тақиқлаб қўйилди, деб баёнот берди мамлакатнинг телекоммуникацияларни тартибга солиш идораси вакили Хуррам Меҳран.
"Суд Покистон телекоммуникация бошқармасидан TikTok иловасига киришни блоклаб қўйишни сўради", - деди Меҳран Dawn газетасига берган интервьюсида.
Бундан аввалроқ Пешовар олий суди иловани тақиқлаш бўйича буйруқ беришини маълум қилган эди. Чунки ариза берувчининг фикрича, иловада уятсиз контентлар тарқатилмоқда.
Покистондаги TikTok вакили суднинг ушбу қароридан хабардор эканини маълум қилган ва бу ҳақда компания кейинроқ изоҳ беришини қўшимча қилган.
Покистонда TikTok иловаси ўтган йилнинг октябрь ойида ҳам тақиқланган эди. Лекин компания аккаунтларни маҳаллий қонунларга мувофиқ тарқатишни зиммасига олгандан кейин орадан ўн кун ўтиб иловага қўйилган тақиқ бекор қилинганди.