Покистонда аҳоли кўчириляпти
Покистоннинг шимоли-ғарбий қисмидаги Хайбер Пахтунхва вилояти Тийроҳ туманида аҳолининг 80-85 фоизи эвакуация қилинган.
“Dawn” газетаси ёзишича, ушбу маълумотни расмийлар ҳам тасдиқлаган.
Ноқулай об-ҳаво шароити туфайли жараён вақтинча тўхтатилиб, вазият ўнглангач, қайта тикланган. Ҳудудда қолиб кетган оилалар икки кунлик қутқарув амалиётидан сўнг Бара шаҳрига кўчирилди.
Кўчган оилалар сони ҳали аниқ эмас. Тахминга кўра, мўлжалга нисбатан тахминан 15 фоиз хонадон ҳали эвакуация қилинмаган.
Вазиятни юмшатиш мақсадида Барада рўйхатга олиш марказлари кўпайтирилди. Кучли қор туфайли аввал белгиланган муддат узайтирилган.
Маҳаллий ҳокимият ҳудудда қолган аҳолини ҳаво яхшилангунча уйларида қолишга чақирди.
Икки манзил ўртасидаги 110 км масофа ва қалин ёғин, шунингдек рўйхатга олиш марказлари фаолиятидаги узилиш ҳудудни тарк этаётган оилалар учун вазиятни мураккаблаштирмоқда.
Қолаверса, эвакуация тўхтатилгани, Тироҳга кириш тақиқлангани сабабли, минтақада қолганлар озиқ-овқат танқислигига дуч келмоқда.
Барадаги манбалар янги келганларнинг аксари вақтинча қариндошлариникига жойлаштирилгани, баъзилар Пешовардаги уйларга жойлашганини айтишди.
Айрим қабилалар раҳбарлари, собиқ депутатлар, сиёсий партия вакиллари федерал ва маҳаллий ҳокимиятни минтақада янги ҳарбий амалиёт учун шароит яратиш мақсадида аҳолини мажбуран кўчиришда айбламоқда.
Г.Сатторова, ЎзА