Покистон элчиси Сурхондарёда бўлди
Покистон Ислом Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Саид Али Асад Ғилоний бошчилигидаги делегация Сурхондарё вилоятида бўлиб, ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши билан яқиндан танишди.
Бугун Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов элчи жаноблари бошчигигидаги покистонлик меҳмонларни қабул қилди. Учрашувда вилоят раҳбари Сурхондарёнинг иқтисодий, ижтимоий, жуғрофий имкониятлари ҳамда ўзига хос инвестициявий хусусиятлари, қўшни мамлакатлар билан фаол ҳамкорлик алоқалари тўғрисида атрофлича маълумот берди.

Самимий мулоқот чоғида савдо-инвестициявий, илм-фан, таълим ва туризм соҳаларида ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантириш, ишбилармонлар ўртасидаги мулоқотни фаоллаштириш, товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, Афғонистон ҳудуди орқали Покистоннинг денгиз портларига чиқиш истиқболлари, шунингдек, икки томонлама иқтисодий муносабатларнинг бошқа долзарб масалалари юзасидан ўзаро фикр алмашилди.
Учрашувда Саид Али Асад Ғилоний жорий йил июль ойида Тошкент шаҳрида ўтказиладиган Ўзбекистон – Покистон ҳудудлараро инвестициявий форумига сурхондарёлик ишбилармонларни ҳам таклиф этди.

Икки кун давомида меҳмонлар вилоятимиздаги кўплаб саноат корхоналарини кўздан кечирди. Тарихий-маданий ёдгорликларни зиёрат қилиб, қатор туризм объектлари билан яқиндан танишди.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА