Покистон Бош вазири Туркияга боради
Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф 25 ноябрь куни икки кунлик расмий ташриф билан Туркияга боради. Бу ҳақда Покистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Ушбу сафар давомида Президент Режеп Таййип Эрдоған билан учрашув режалаштирилган.
“Етакчилар икки томонлама муносабатга оид кенг кўламли масалалар бўйича фикр алмашадилар, минтақадаги вазият ва бошқа долзарб халқаро мавзуларни муҳокама қиладилар”, дейилади ахборотда.
Шаҳбоз Шариф ва Эрдоған Туркиянинг “MILGEM” лойиҳаси асосида ишлаб чиқарилган “Ada” туридаги учинчи корветни Покистон томонига топшириш маросимида ҳам қатнашади.
Шунингдек, ишбилармон доиралар вакиллари ҳамда Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти Савдо ва тараққиёт банки раҳбари Ялчин Юксел билан учрашув кўзда тутилган.
ЎзА