
Покистон Ислом Республикаси бош вазири Муҳаммад Шаҳбоз Шариф Ўзбекистон Республикаси элчиси Алишер Тўхтаевни қабул қилди.
Покистон бош вазири Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга ўзининг самимий саломини етказишни сўради ҳамда Тошкентга амалга оширилган ташриф чоғида ўзи ва делегациясига кўрсатилган меҳмондўстлик учун чуқур миннатдорлик билдирди.

ПИР Ҳукумат раҳбари ташриф доирасида икки мамлакат ўртасида юксак даражадаги муваффақиятларга эришилгани, ўзаро муносабатлар янги босқичга олиб чиқилгани, жумладан, олий даражадаги Стратегик шериклик кенгаши тузилгани, турли соҳаларда қатор муҳим битим ва меморандумлар имзоланганини катта мамнуният билан қайд этди.
Бош вазир Ш.Шариф Тошкентдан қайтгач, тегишли соҳа вазирларига олий даражада эришилган келишувларни ўз вақтида ижросини таъминлаш бўйича топшириқ берганини билдирди.
Иқтисодий дипломатия йўналишидаги ҳамкорликни жадаллаштириш, савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришнинг асосий устувор йўналишларини аниқ белгилаб олиш, икки томонлама савдони кескин ошириш кераклигига эътибор қаратилди. Покистон бош вазири ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 2 миллиард долларга етказиш бўйича “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш зарурлигини таъкидлади.

Саноат кооперацияси ва инвестициявий ҳамкорлик масалалари ҳам алоҳида кўриб чиқилди. Автомобилсозлик, тоғ-кон саноати, ахборот технологиялари, қайта тикланувчи энергетика, қурилиш материалларини ишлаб чиқариш, инфратузилма объектларини биргаликда бунёд этиш соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ўзаро ҳамкорликнинг янги йўналишлари сифатида кўрсатиб ўтилди.
Икки давлат тадбиркорлари ўртасида бевосита мулоқот платформасини шакллантириш, банклараро операцияларни янада соддалаштириш, мунтазам асосда бизнес-форумлар ва ҳудудлараро ҳамкорлик тадбирларини ўтказишнинг муҳимлиги алоҳида эътироф этилди.
Трансафғон темир йўли қурилишини жадаллаштириш, ўзаро авиақатновлар сони ошириш ва парвозлар географиясини кенгайтириш, туризм ва маданий тадбирларни ташкиллаштириш минтақавий боғлиқлик ташаббусини ҳаётга татбиқ этишнинг узвий қисмлари ҳисобланишига урғу берилди.
ЎзА