ФОТОРЕПОРТАЖ
Бухоро вилоятида энергетика соҳасини жадал ривожлантириш, мавжуд муаммоларни тизимли равишда ҳал қилиш борасида катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилмоқда.
“Бухоро ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” акциядорлик жамияти томонидан юклама билан ишлаб турган подстанциялар қувватини ошириш ишлари алоҳида эътиборда. Вилоятнинг Ғиждувон, Вобкент, Жондор туманлари ҳамда Бухоро шаҳрида жойлашган юқори кучланишдаги подстанциялар қувватини ошириш учун 6 дона 40 минг ва 2 дона 63 минг киловольт-ампер (кВА) қувватдаги куч трансформаторларини ўрнатиш ва ишга тушириш режалаштирилган. Ҳозирги кунга қадар шулардан 5 та 40 минг кВА қувватли трансформатор ўрнатилиб, ишга туширилди. Натижада, юқорида келтирилган туманлар электр энергияси таъминоти янада яхшиланди ва мазкур подстанцияларда қўшимча захира қувватлари яратилди ҳамда 100 мингдан зиёд истеъмолчининг электр энергияси таъминоти яхшиланди.
[gallery-20266]
Шунингдек, Шофиркон, Ғиждувон, Бухоро туманлари ва Бухоро шаҳридаги 6 та подстанцияда қувват ошириш ишлари якунига етказилди. Хусусан, Вобкент туманидаги “Вобкент” 110/35/10 кВ подстанциясида 2 дона 40 минг кВА қувватдаги куч трансформаторининг ўрнатилиб, ишга туширилиши натижасида Вобкент тумани ва унга ёндош туманлардаги 30 мингга яқин истеъмолчининг электр таъминоти яхшиланди. Шофиркон туманидаги “Яхши Норович” 110/35/10 кВ подстанциясидаги қуввати 10 минг кВА бўлган куч трансформатори 25 минг кВАлисига алмаштирилиб, ишга туширилди. Подстанциядаги қувватнинг ошиши натижасида тумандаги 17 мингга яқин аҳоли ва 900 дан зиёд тадбиркорлик субъектининг электр энергияси таъминоти янада яхшиланди. Шунингдек, подстанцияда захира қувватлари ҳам яратилди. Куз-қиш мавсумида подстанциялар қувватларини ошириш ишлари бўйича йўл хариталар тузилган бўлиб, шу асосида амалий ҳаракат олиб борилмоқда.
Тоҳир ИСТАТОВ(сурат),ЎзА