Адабиёт бекати
Бу менинг илк шеърий таржимам. Рости, юз жилддан иборат “Турк дунёси дурдоналари” антологияси учун Ўлжас Сулаймоновнинг шеърларидан юз бет таржима қилиб беришни бўйнимга олишга олдиму, юрагимга хавотир оралади. Табиатан журъатли одам бўлсам-да, катта адабиёт олдидаги масъулиятим мени иккилантириб қўйганди. Туркий миллатларнинг фахри бўлмиш бу қозоқ шоирининг даштликларга хос дағал, чапани, табиий ва юракка яқин оҳангини, руҳини ифода этиш осон эмасди (гарчи ўзим ҳам даштлик бўлсам-да). Шеърни бир нафасда ўқиб тугатишга мажбур қилгувчи фикрлар шиддатини, ўқиб тугатгандан кейин ўз ичида узоқ яшатгувчи нозик ҳолатларни, ҳайқириқсиз ҳайқириқлар, тубсиз туб, жимжимасиз улуғворлик, тимсоллар ила баён этилган, билим ила суғорилган залворли фикрларни ўзбек тилида худди аслиятдагидек очиб бериш катта маҳоратни талаб қилади.
Ўзинг шеър ёзсанг, ўз иқтидоринг даражасида ёзиб, тинчингни топасан одам. Бошқачароқ айтганда, бўлганинг шу эканини тан оласан. Аммо катта шоирнинг шеърларини қайта ёзишга қўл урсанг, бўлганингдан кўра ошиқроқ бўлишга, ўша катта шоир даражасига кўтарилишга уринар экансан. Антология учун масъул инсон Улуғбек Ҳамдамнинг ишончи, таржима соҳасидаги ягона устозим, ҳамнафасим Одил Икромнинг маънавий қўллови, шунингдек, рус тили билимдони Иброҳим Чориевнинг кўмаги билан бошлаган ишимни белгиланган муддатда якунига етказдим. Ҳазратимизнинг “Билмаганин сўраб ўрганган олим” деган нақлларига амал қилиб, мен сўраб-суриштиришдан тортинмадим, менга елка тутган кўмакдош инсонлар эса жавоб беришдан оғринмадилар.
Яширмайман, баъзи шеърларни уч-тўрт марталаб қайта ўгиришимга тўғри келди. Ҳозир ҳам ҳар ўқиганимда таҳрир киритаяпман. Мана, яна бир-икки жойини ўзгартирдим ва... энди эътиборингизга ҳавола этсам бўлади, деб қарор қилдим. Баҳо бериш сиздан, азиз адабиёт мухлислари!
ОЙДИННИСО
“БИР УРУШ ТУГАДИ БОШҚАСИН БОШЛАБ...”
...Бир уруш тугади бошқасин бошлаб,
Отамнинг акаси фронтга кетди.
Ўзи хоҳлабмиди? Эслай олмайман.
Эслаганим – уйқусизлик,
оқиш дарчалар,
тунги қўрқувлару
сертупроқ кўча
ва кескин тормозлар муюлишдаги.
У чанг босган ариқ ёқалаб юрди
қўлида тўрваси,
Мен-чи, югурдим,
қучоқлаб олдим ва сўрадим ундан:
фашистни асирга олишни ҳамда
гар таслим бўлмаса,
қилич биланми,
ёки шунга ўхшаш бир нима,
балки
милтиқнинг найзаси билан уришни,
шунчаки қорнига тепишни ёки –
оғриқли бўлса бас –
оғриши учун,
шариллаб оқиши учун қора қон,
қўлларини шартта кесиб олишни...
Кўзимга боқди у кўз қири билан,
Бобом қовоқ солиб йўталиб қўйди,
тупурди “чирт этиб” оёқ остига...
Хат келарди уйга ўзи камдан-кам,
Кейин биттаси келди.
Унда айтилишича:
Жасорат кўрсатиб қаҳрамонларча
ҳалок бўлган эмиш амаким!
Мен-чи, тушунмасдим
ва хурсанд бўлдим
жасорат сўзини кўрганим маҳал.
Бобом йиғламади.
Лек қарор қилди
қария қимтиниб ва афтодаҳол,
етаклаганича оч набирасин,
ярим мамлакатни кезиб чиқишга,
минглаб қабрларни оралаб юриб,
ўз ўғлининг қабрин излаб топишга.
Ижозат бермади ўғлига бобом
бегона тупроқда ётиши учун.
Эслаганим – бекат, жазирама иссиқ,
нонсизлик,
вагонлар, учар аскарлар,
топталган ер, танклар қобирғалари,
бўш вокзалнинг оч ўғрилари,
куйиб адо бўлган дарахтлар ҳамда
куюк ўтларни еб бўккан сигирлар.
Эслаганим – дарё, яна дарёлар,
Гоҳи шивалаган, гоҳ шаррос ёмғир,
Моғорлаган эман, ансол танаси,
лой ва лой,
яна лой тиззага довур.
Кўрсатдилар бизга амаким қабрин,
Кичик бир қишлоқнинг орқасида у,
шаррос ёмғирдан сўнг сал сувин шимган.
Кичик сой устида лой тепаликдай.
Бобом дуо қилди, носвой туфлади,
Мен-чи, лой тупроққа боқдим қизиқиб,
Шундайин тупроқки, деярли бизнинг
тупроқдан фарқи йўқ,
нам тортган фақат.
Эслаганим – қишлоқ аҳли атрофда,
Чиройли кўринди улардан бири,
Озғин ва қирмизи ёноғи билан.
Ва ғазабнок эди қўшнимиз каби.
Эслаганим – боқмади уларга бобом,
Ечди пешматини, қабр айланди,
белкурак ботирди лой тепаликка.
Ва бирдан аёллар қуршаб бобомни,
бехос тилга кирди қирмиз ёноқли.
Эслаганим – деди:
– Мумкинми ахир...
Бу ерда ётибди ўн саккиз киши.
Сал-пал тушунарди русчани бобом,
Авайлаб суғурди у белкурагин,
қора тупроқ захмин
силаб қўл билан
қуруқ этигига артди қўлларин.
Сокин дарё бўйлаб ўтказдик кунни.
Кузатиб ўтирди бизни болалар
қуёш буткул ботиб кетгунга қадар.
Арабча дуолар ўқиди бобом,
у йиғлади дуо ўқиб, мен эса,
мен ўт-поя билан қувдим чумоли...
ОНА
Болгарияда шоир Димчо Дебелянов онасининг ҳайкали бор. Ғам-ғуссадан тош қотган кампир тош супада жағини тираб ўтиради. У қишлоқда энг тортинчоқ йигит эди. Урушда эса энг довюраклиги билан ўзини кўрсатди. Энг киши билмас эди, энг донгдор бўлди. Бу – она туфайли эди:
— Ном қозонгин, ўғлим,
гар инсон бўлсанг,
қабиланг рамзига дўнар
у балки,
учқур вақт совуғи узра
эгилган
мангу ёш ва маъюс
мажнунтол каби.
Йўл ҳамиша олис,
меҳнат-чи, оғир.
Оч оғзингга
шишган кўкракни солиб,
сенга юклаганман оқ сутим, ахир,
улғайгин, ниҳоят,
ном қозонгин деб.
Фақат айтолмайман,
қандай ва қайда.
Номинг бунда эмас –
бошқа бир жойда,
бошқа бир жойда.
Ўлим қаҳ-қаҳ отиб,
кўзга тупурса,
дўстинг кўзёш каби
ўтга йиқилса,
барча йўллар
ортга бурилса кескин,
О, ўшанда сенга айтишим мумкин:
“Кўксингни кер, ўғлим,
буюксак, ўғлим,
ЭПЛАЙСАН,
кўрай –
тўп оғзида тургин!”
О, ана ўшанда кўрсатиб сени,
ўзимни кўрсатиб,
айтайин шуни:
“Бу камтар йигитнинг
казаклиги чин,
унинг онасидир
бу қари хотин”.
Ёдда тутгин, ўғлим,
бўлсанг қайда, бўл,
Сен бошга
МУСИБАТ тушган
жойда бўл.
Водий узра ўқлар
сайраб учмаса,
вақт судралиб,
сенинг давринг ўтмаса,
эл йиғисиз ўйнаб,
кўзёшсиз кулса,
қизлар сочин
шошиб яширмай юрса,
Ғужурсизлар
ғурур туйса ўзидан,
ўшанда
бўл, майли, камтару бесас,
ўғлим, ўшанда бўл,
сен киши билмас.
“ПОЧТА АЙБДОР, ЛАЪНАТИ ПОЧТА”
Почта айбдор, лаънати почта.
Сен менга ёзасан, биламан,
сен менга ёзасан ҳар оқшом.
Ёпиштириб авиамаркани,
югурасан бурчакка томон,
Мен билмайман,
нега бу почта
икки йилки, бермайди ёрдам!..
Мен қайтарман,
саккиз кунда асил чопардай,
тезми?
Нафас ростлайман лоақал бир соат,
балки бир умр,
топмоқ учун эшигимизни
ва муштлаб тақиллатмоқ,
тингламоққа ютиб нафасим,
қулфнинг шиқирини
ўқ саси мисол.
Келарман,
ўлсам-да келарман
энди.
Ва қасам ичаман,
гар икки йилда
чирой очган бўлсанг яна-да,
гар мен билолмасам,
сенинг титроқ сўзларинг...
Сени худо асрасин,
топинаман шу ондан бошлаб,
Худойимнинг ўзи асрасин сени,
асролмаган бўлсам мен агар.
Ўлжас СУЛАЙМОНОВ
Рус тилидан ОЙДИННИСО таржимаси