Пластик карточка орқали миллиардлаб тўлов
Миллий матбуот марказида “Ўзсаноатқурилишбанк” акциядорлик тижорат банки томонидан ҳисоб-китобларни банк карталари орқали амалга ошириш тизимига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Миллий матбуот марказида “Ўзсаноатқурилишбанк” акциядорлик тижорат банки томонидан ҳисоб-китобларни банк карталари орқали амалга ошириш тизимига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.Президентимиз Ислом Каримовнинг 2010 йил 19 апрелдаги “Банк пластик карточкаларидан фойдаланган ҳолда ҳисоб-китоб тизимини ривожлантиришни рағбатлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ бу тизим изчил кенгайтирилаётгани таъкидланди.
“Ўзсаноатқурилишбанк” томонидан 1 миллиондан зиёд пластик карточка муомалага чиқарилган бўлиб, 10 минг икки юзга яқин чакана савдо ва хизмат кўрсатиш корхонаси тўлов терминаллари билан таъминланган. Аҳоли бўш пул маблағларини жалб этиш, банк инфратузилмасини яхшилаш, коммунал тўловлар ва бошқа хизматлар бўйича тўловларни қабул қилиш учун жойларда икки юз қирқдан ортиқ мини-банк ва махсус кассалар фаолият юритмоқда. Жорий йилнинг уч ойида улар орқали 154 миллиард сўмлик тўловлар ва 740 миллиард сўмдан зиёд иш ҳақи тўланган.
– Жорий йилнинг мартидан жисмоний шахсларнинг пластик карточка ҳисобварақлари бўйича ставкалар тўққиз фоиз этиб белгилангани мижозлар учун янада фойда келтиради, – дейди “Ўзсаноатқурилишбанк”нинг пластик карточкаларни ривожлантириш департаменти директори Убайдулла Аҳроров. – “Интернет-банкинг”, “Банк-мижоз”, “Sms-банкинг” каби дастурларимиз тўловларни масофадан туриб амалга ошириш имконини бермоқда.
Анжуманда “Ўзсаноатқурилишбанк” тезкор, қулай ва сифатли хизматлари мижозларга манзур бўлаётгани таъкидланди. Журналистларни қизиқтирган саволларга мутахассислар жавоб берди.