Планшетлардан фойдаланиб, қидирувдаги шахслар ушланмоқда
Тошкент вилоятида ўтказилаётган «Хавфсиз ҳудуд» тезкор профилактик тадбири доирасида ЙПХ инспектори томонидан қидирувдаги шахслар аниқланди.
Тошкент вилояти ИИББ ЙҲХБ Ахборот хизматининг маълум қилишича, жорий йил 23 ноябрь куни Зангиота тумани «Назарбек» маҳалла фуқаролар йиғинида хизмат олиб бораётган ЙПХ инспектори Ш.Махаматов қоидабузарлик содир этган пиёдани тўхтатган. Электрон тартибда маъмурий баённома расмийлаштириш вақтида, 1970 йилда туғилган Ш.Н.га нисбатан 2019 йил 1 август куни Қашқадарё вилояти Китоб тумани ИИБ томонидан қидирув эълон қилингани аниқланган.

Қонунбузар Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодекснинг 122-моддасида (Вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсларни моддий таъминлашдан бўйин товлаш) белгиланган жиноятни содир этганликда айбланиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан қочиб юргани маълум бўлди.
Шунингдек, Оққўрғон туманида хизмат олиб бораётган ЙПХ инспектори С.Жумаев пиёда И.Ш.ни қоидабузарлик содир этгани учун тўхтатиб, электрон тартибда маъмурий баённома расмийлаштириш вақтида у ҳам қидирувда эканлигини аниқлади. Туман ИИБ томонидан олиб борилган суриштирувга кўра, ҳудудда яшовчи ушбу шахс Ўзбекистон Республикаси бош прокуратураси ҳузуридаги мажбурий ижро бюроси томонидан қидирув эълон қилиниб, 2019 йилдан буён вояга етмаган болалар учун алимент тўламасдан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан қочиб юргани маълум бўлди.

Яна бир ҳолатда ЙПХ инспектори М.Усмонов Янгийўл шаҳрида хизмат олиб бораётган вақтида қоидабузарлик содир этган пиёдани тўхтатган. Шу бўйича электрон тартибда маъмурий баённома расмийлаштириш давомида бу фуқарога ҳам Жиноят ишлари бўйича Янгийўл шаҳар суди томонидан қидирув эълон қилингани аниқланган. Суриштирувларга кўра, мазкур шаҳарда яшовчи 1968 йилда туғилган К.Н. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 131-моддаси 2-қисми (Фоҳишахона ташкил этиш ёки сақлаш) да кўрсатилган жиноятни содир этиб ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан қочиб юргани аниқланган.
Ушланган шахсларга нисбатан жазо муқаррарлигини таъминлаш мақсадида улар ҳудудий ИИБга олиб борилган.
А.Мусаев, ЎзА