Планшет ва ноутбук ишлаб чиқарилади
Электроника маҳсулотлари ишлаб чиқариш – Навоий вилояти енгил саноатининг жадал ривожланаётган тармоқларидан бири.
Электроника маҳсулотлари ишлаб чиқариш – Навоий вилояти енгил саноатининг жадал ривожланаётган тармоқларидан бири.“Навоий” эркин иқтисодий зонасида хорижий компаниялар ҳамкорлигида амалга оширилаётган истиқболли лойиҳалар туфайли мазкур соҳа янада ривожланмоқда.
Эркин иқтисодий зонада фаолият кўрсатаётган “Telecom Divices Pro” масъулияти чекланган жамиятида “Uzmobile” савдо белгиси остида телефон ва ахборот-коммуникация технологиялари учун қўшимча қурилмалар ишлаб чиқарилаётир. Фаолият бошлаганига олти йил бўлган корхонада тайёрланаётган телефонлар кўплаб функциялари, технологик янгиликлар ва замонавий дизайни билан халқаро брендлардан қолишмайди. Айни пайтда хорижникидан анча арзон бўлиб, маҳаллий фойдаланувчилар учун қатор қулайликларга эга.
– Иш бошланган дастлабки даврларда 2 турдаги маҳсулот тайёрланган бўлса, бугунга келиб улар сони 5 тага етди, – дейди корхона бош директори ўринбосари Б.Расулов. – Хусусан, болалар учун махсус телефон-соат, Wi-Fi роутери, USB модемлари ишлаб чиқарилиб, йил бошидан буён 12 миллиард сўмлик товар сотилди. 47 нафар киши меҳнат қилаётган корхонада айни пайтда янги турдаги маҳсулотлар – смартфон, планшет ва ноутбук ишлаб чиқариш бўйича ҳам изланишлар олиб борилмоқда. Бу энг замонавий технологиялардан фойдаланиш, ички ва ташқи бозорни ўрганиш, етакчи ишлаб чиқарувчилар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ички имкониятлардан самарали фойдаланиш имконини беради.
Шиддат билан ривожланаётган бугунги кун электрон қурилмаларнинг янги авлодларини яратишни тақозо этмоқда. Бу, ўз навбатида, замонавий техникалар ишлаб чиқариш имкониятларини кенгайтиради.