Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш йилига ўртача 9-10 фоизга ўсмоқда.
Шунингдек, маҳсулотнинг экспорт ҳажми ҳам йилдан-йилга ортмоқда. Жумладан, мева-сабзавот ва узум маҳсулотлари ишлаб чиқариш 1,6 бараварга, гўшт маҳсулотлари – 1,4 бараварга, сут маҳсулотлари – 1,4 бараварга ошди.
Бунда эса 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотларни янада жадаллаштириш борасидаги ислоҳотлар муҳим аҳамият касб этмоқда. Шунингдек, Президентимизнинг 2017 йил 9 октябрда қабул қилинган фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг фаолиятини тубдан такомиллаштиришга қаратилган фармони тизимли ва таркибий ислоҳотларнинг янги босқичини бошлаб берди.
Юртимиз аҳолисини сифатли ва етарли миқдордаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, мамлакатимиз экспорт салоҳиятини оширишга ҳисса қўшиш, қишлоқ хўжалигини янада ривожлантириш учун ер эгаси сифатида ҳар бир томорқа ер эгаси, фермер ва деҳқон хўжаликлари қишлоқ хўжалигининг барча соҳа ва йўналишларини замон талаблари асосида ривожлантиришга фидоийлик билан ёндашиши ҳамда бугунги фаолиятини тубдан ўзгартириши зарур.
Бу каби ўзгаришларни ўз вақтида англаган соҳа вакиллари бу борада изланишда давом этмоқда.
Андижон вилояти Булоқбоши тумани “Buloqboshi tumani sarimsoqpiyoz yetishtiruvchilar va eksport qiluvchilar” уюшмаси ана шундай ислоҳотлар самарасида кенг фаолият юритмоқда.
Айни вақтда Саримсоқпиёз етиштирувчилар ва экспорт қилувчилар уюшмаси Андижон вилоятининг Булоқбоши туманида 400 гектар майдонда кластер усулида аҳоли хонадонларини бириктириш орқали саримсоқпиёз етиштиришни йўлга қўйди. Сирдарё вилояти Сайхунобод тумани, Сурхондарё вилояти Ангор тумани, Наманган вилояти Тўрақўрғон туманларида эса ана шундай уюшма ташкил қилиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Етиштирилган маҳсулотни ўз вақтида харидорларга етказиб беришни йўлга қўйиш мақсадида кўрилган чоралар натижасида Москва, Санкт-Петербург, Калуга, Рязан, Ярослав, Қозоғистоннинг Олма-ота шаҳарлари ҳамда Бельгияда Саримсоқпиёз етиштирувчилар ва экспорт қилувчилар уюшмасининг савдо уйлари фаолияти йўлга қўйилди.
Шу ўринда эслатиб ўтиш жоизки, 2021 йил ҳосили учун экилган август пиёзи ва тўқсонбости экинларидан 4 миллион 15 минг тонна ҳосил олиш прогноз қилинган эди. 1 миллион 775 минг тонна пиёз, 366 минг тонна саримсоқпиёз, 528 минг тонна сабзи, 403 минг тонна карам шулар сирасидандир.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ҳозирда 4 миллион 55 минг тонна, жумладан, 1 миллион 809 минг тонна пиёз 1, 404,7 минг тонна саримсоқпиёз, 504,2 минг тонна сабзи, 404,7 минг тонна карам етиштирилди.
Бугунги кун ҳолатида мева ва сабзавотнинг 360 минг тоннаси жумладан, 24,3 миллион долларга 199,2 минг тонна пиёз, 16,9 миллион долларга 98 минг тонна карам ва гулкарам, 7,1 миллион долларга 48 минг тонна сабзи йўналтирилди.
Бундан ташқари синов тариқасида салоҳиятли фермер хўжаликлари танланиб, юртимизда 750 гектар майдонга 2022 йил ҳосили учун экспортбоп саримсоқпиёз экиш юзасидан амалий ишлар бошланди.
Бунинг учун 1,1 минг тонна экспортбоп уруғликлар захираси шакллантирилди. 1 октябрь ҳолатига келгуси йил ҳосили учун деҳқон хўжаликлари ва аҳоли томорқасининг 61 минг 957 гектарига пиёз ва саримсоқпиёз экилди.
З.Мирзабоева, ЎзА