Пиёдалар ҳаракатига ҳамоҳанг Пиёдалар чироқлари
Юртимизда аҳоли учун муносиб турмуш шароитларини яратиш мақсадида ҳудудларни обод қилиш, қишлоқ ва маҳаллаларда ички йўллар, ичимлик сув, электр энергияси, газ таъминоти, шунингдек, бошқа бир қатор инфратузилма объектларини яхшилаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Президентимизнинг 2022 йил 25 октябрдаги “2022-2023 йилларда маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарори бу борадаги ишлар самарадорлигини оширишга муҳим дастуриламал бўлмоқда. Қарор ижросини таъминлаш мақсадида Навоий вилоятининг Хатирчи туманида ҳам кенг кўламдаги бунёдкорлик ишлари олиб бориляпти. Жумладан, туманнинг “Бўғирдоқ” маҳалласидаги Мустақиллик кўчасига ноанъанавий кўча ёритиш чироқлари ўрнатилмоқда. Улар турдошларидан бир қатор афзалликларга эга.

– Чироқларнинг устки қисмига махсус панеллар ўрнатилган бўлиб, бу уларга қуёш энергияси асосида ишлаш имконини беради. Бошқача айтганда, электр узатиш тармоқларига сира эҳтиёж сезилмайди, – дейди маҳалла раиси Ҳасан Эшимов. – Ушбу ёритиш чироқларида фотореле мосламаси ҳам мавжуд. Бу шу чироқларнинг фақат қоронғи тушган пайтдагина автоматик тарзда ишга тушишини таъминлайди. Чироқлар йўловчи ҳаракатланган пайтдагина ён-атрофни ёритади. Ҳаракат тўхташи билан чироқлар автоматик тарзда ўчади. Бунга сенсор датчиклар ўрнатилгани туфайли эришилади, албатта.
Ушбу тунги ёритиш чироқларининг яна бир қулайлиги шундаки, қуёш энергиясидан олти соат давомида зарядланган битта лампанинг ёритиш қуввати уч кунгача етади.
А.Бўриев, ЎзА