Тошкент вилояти Пискент тумани ўзига хос табиати, сўлим масканлари билан ажралиб туради.
Баҳорнинг илиқ кунларида мазкур туманга йўлингиз тушса ҳар кунини ғанимат билган пискентликлар баҳор тароватига ҳамоҳанг тарзда йўлларни, ариқларни, ҳовли-уйларни тозалаб, табиат яратаётган гўзалликка ўзларини ҳиссасини қўшишга ҳаракат қилаётганини гувоҳи бўласиз. Ҳозир мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида бўлгани каби Пискентда ҳам сайёҳларни жалб қилиш, зиёрат, қишлоқ хўжалиги туризмини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилган. Жойларда ташкил этилаётган меҳмон уйларига кирган кишининг таассуроти ортади.
Ҳудуддаги зиёратгоҳлар, тарихий ва маданий ёдгорликлар билан таништириш, хушманзара табиати ҳамда файзли гўшаларини кўрсатиш мақсадида туман ҳокимлиги ахборот хизмати томонидан ОАВ вакиллари учун медиа-тур ташкил этилди.
Дастлаб, журналистлар “Қириққиз” зиёратгоҳига боришди. Ўрта асрларда машҳур бўлган Кўлота тарихий жой ҳисобланади. Бу ерда жами 40 та булоқ бўлиб, ҳозир 12 та булоқ сувидан зиёратчилар фойдаланади. Бу ер ўзига хос, кўркам табиат ёдгорлиги ҳам ҳисобланади. Сайёҳлар бу ерга келса шу ерлик онахонлардан ёдгорлик билан боғлик афсоналарни тинглайди. Катта-катта тошлар остидан отилиб чиқувчи шифобахш ва зилол булоқлар суви эса халқ орасида шифобахшлиги билан анча машҳур. Шу туфайли зиёратчилар бу ернинг табиатидан баҳра олиш билан бирга, булоқ сувидан ичишади.
Пресс-тур иштирокчилари шу куни Сурхондарё вилояти Бандихон туманидан келган бир гуруҳ кайвони онахонлар билан яқиндан суҳбатлашди.
– Бир неча кундан буён мамлакатимиз бўйлаб саёҳат қиляпмиз, – дейди Улдона опа Тошева. – Самарқанд, Бухоро вилоятларидаги қадимий обидалар, зиёрат масканларини бориб кўрдик. Кўнглимиз тоғдек кўтарилди. Эндиги манзилимиз Фарғона вилояти томон кетаётган эдик. Йўл йўлакай Пискентдаги ушбу зиёрат жойига ҳам келганимиз жуда зўр бўлди. “Қириққиз” зиёратгоҳи ҳақида кўп эшитган бўлсам ҳам авваллари келмаган эдим. Мана ташкилотчиларнинг кўмаги билан шундай сўлим гўшаларда ҳам меҳмон бўлдик.
Сурхондарёлик қувноқ онахонларнинг миллий қўшиқлари, рақслари йиғилганларга кўтаринки кайфият улашди.
Жорий йил шаҳар ва туман ҳокимлари вилоят Туризмни ривожлантириш департаменти билан биргаликда туризм соҳасидаги инвестиция лойиҳаларини ўз муддатларида амалга ошириш чораларини кўрмоқда. Аҳолини тадбиркорлик фаолиятига жалб қилиш, улар томонидан хизматлар турини кенгайтириш мақсадида вилоятнинг ҳар бир ҳудудини имкониятларидан келиб чиқиб, жами 260 та оилавий меҳмон уйини янгидан ташкил этиш режалаштирилган.
Шундан сўнг навбатдаги манзил тумандаги “Маҳорат агротех сервис” фермер хўжалигига қарашли туячиликка ихтисослашган меҳмон уйлари бўлди. Хўжалик раҳбари Жалолиддин Жўраевнинг таъкидлашича, жорий йил бошида Гулистон маҳалласи ҳудудидан ўтувчи катта автомагистрал йўл бўйидаги фойдаланилмаётган ерда ўтовлар ташкил этилган. Йўловчилар тўхтаб туя сутини олиб кетади, меҳмон уйларида бир оз дам олиб қумрон ичишни одат қилган.
– Қадимдан ота-боболаримиз ушбу маҳсулотдан тўйимли, қолаверса, кўпгина хасталикларни бартараф қилувчи шифобахш ичимлик сифатида фойдаланиб келган, – дейди “Маҳорат агротех сервис” фермер хўжалиги раҳбари Жалолиддин Жўраев. – Шуни ҳисобга олиб, биз ҳам 10 бош туя боқяпмиз. Унинг учун зарур бўлган озуқани мавсумда етарлича ғамлаймиз. Бунинг учун хўжалигимизда имконият етарли.
Мутахассислар журналистларга туячиликни ривожлантириш ҳақида атрофлича сўзлаб берди. Шундан сўнг медиа-тур иштирокчилари давлат муҳофазасига олинган “Боғизиён ота” археологик ёдгорлигида бўлишди. Бу ерда Бобоғози бува қабри ҳам бор. Маълумотларга кўра, тахминан X-XI асрларда бу инсон Ислом динини тарғиб қилган авлиё саналади.
Президентимиз 2020 йил 29 декабрь куни Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида туризмни иқтисодиётнинг стратегик тармоғига айлантириш устувор вазифа эканини алоҳида таъкидлади. Тошкент вилоятида ҳам йирик моддий-маданий мерос объектлари, зиёратгоҳларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Вилоят туманларида 828 та тарихий зиёратгоҳ, муқаддас қадамжолар рўйхатдан ўтказилган. Уларга йил бўйи зиёратчилар келиб туради.
А.Мусаев, ЎзА