Тошкент вилояти Пискент туманида Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш маркази ташкил этилди.
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими ҳузурида ташкил этилган марказда барша шароитлар мавжуд. Хусусан, никоҳланувчи ёшлар оилавий-ҳуқуқий муносабатлар, оилавий ҳаёт психологияси, оила иқтисоди ва бюджети, репродуктив саломатлик асослари, маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш масалалари бўйича тизимли тайёрланади.
Тантанали очилиш маросимида иштирок этган туман ҳокимлиги ва прокуратураси масъуллари, имом-хатиблар Ватанимиз тинчлиги, оилалар мустаҳкамлиги ва фарзандлар камолини тилаб дуо қилди.
Оила ҳар бир давлатнинг асосий негизи, унинг мустаҳкамлиги жамият тараққиёти билан чамбарчас боғлиқ. Шу боис мамлакатимизда оилалар мустаҳкамлигига ҳукумат даражасида эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 31 декабрдаги қарори асосида республикамизда оила институтини янада ривожлантириш ва ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш чора-тадбирлари ишлаб чиқилди.
– Пискент туманида 26 минг 522 оила мавжуд, – дейди туман ҳокимининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Х.Ахмедова. – Ўтган йили 940 нафар ёш жуфтлик оила қурган. Турмушда учрайдиган пасту баландликлар туфайли 127 та оила маҳаллалардаги оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш комиссиясига мурожаат этган бўлиб, уларнинг 79 таси яраштирилган. Оилаларни ажрим остонасига олиб борган сабаблар таҳлил этилганда, ёш оилалар вакилларининг никоҳга бўлган масъулиятсизлиги, норасида фарзандлар тақдирига бўлган лоқайдлик билан бирга, оилага учинчи шахс аралашуви, ёшларга маслаҳат бериши керак бўлган катталарнинг, ота-оналарнинг шошқалоқлиги ҳам сабаб бўлмоқда.
Аҳамиятлиси, марказда ажралиш ёқасига келиб қолган оилаларнинг томонлари ҳам ихтиёрий ўқиши мумкин.