Кузнинг ҳар бир қуёшли кунидан унумли фойдаланишни ният қилган пискентлик пахтакорлар туман хирмонига ўз ҳиссасини қўшиш учун тобора ғайрат қилмоқдалар.
Айни кунларда Пискент туманидаги “Қурбонов Жўра” фермер хўжалигида Мингтепа маҳалласининг кўнгилли теримчиларидан иборат 25-отряд аъзолари ҳосилни жадал йиғиштириб олмоқда.
Мазкур отрядда жами 153 нафар теримчи бор. Улар орасида кунига 90-100 килограммдан 200 килограммгача пахта тераётганлар ҳам кўп.
– Ёшим 61 да. Лекин ғайратим баланд, – дейди Доно Абдуаҳадова. – Қизим ва келиним билан биргаликда пахта теряпмиз. Кунига 400-430 килограмм ҳосилни териб, ҳар беш кунда 5 миллион сўмдан зиёд пул оляпмиз. Мавсумда 25 миллион сўмдан ошиқ даромад қилишни мўлжаллаганмиз. Теримчилар орасида биз кабилар кўп. Зумрад Шукруллаева, Маҳсуда Абдуқодирова ҳам оила аъзолари билан бирга кунига 400 килограммдан ортиқ пахта теришмоқда. Терим пули эса тижорат банклари томонидан пахтазорнинг ўзига етказиб берилади.
Бир сўз билан айтганда, “Меҳнатдан келса бойлик, турмуш бўлар чиройлик” деган нақл айнан мана шу ҳудуд аҳлига нисбатан айтилгандек.
Далаларда ҳосилни йиғиб олиш ишлари кўтаринкилик билан давом этмоқда.
А.Мусаев, ЎзА мухбири