Пиротехника воситаларига йўқ деймиз
Байрам кунларида кўча-кўйда турли пиротехника воситаларининг ёқимсиз шовқини авж ола бошлайди. Қулоқни қоматга келтирадиган бу маҳсулотлар оқибатида эса турли кўнгилсизликлар, аянчли ҳолатлар ҳам кузатилиши бор гап.
Юртимизда пиротехника воситаларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш, республика ҳудудига олиб кириш, ташиш, сақлаш ва сотиш тақиқланган. Бироқ, шундай бўлишига қарамай айрим “уддабурон”лар байрам баҳона мўмай даромад орттиришни кўзлаб, пиротехника воситалари савдосига ўзини уради.
Жиноят ишлари бўйича Наманган вилоятининг Чортоқ тумани судида ана шундай шахсларнинг қилмишларига қонуний чора кўрилди. Хусусан, 2003 йилда туғилган Н. А. 2022 йил 10 декабрь куни туманнинг Ойқирон маҳалласи ҳудудида 40 қутидан иборат пиротехника воситаларини сотиш мақсадида олиб кетаётганда Миллий гвардия ходимлари томонидан қўлга олинган. Ёки яна бир ҳолатда 2001 йилда туғилган А. С. чет давлатда ишлаб чиқарилган икки турдаги, ноқонуний тарзда мамлакатимиз ҳудудига олиб кирилган, кўп миқдордаги пиротехника воситаларини сақлаб келаётгани аниқланган.
– Ўтказилган очиқ суд мажлисида тўғри йўлдан адашган ҳуқуқбузарларнинг кўрсатмалари ва гувоҳларнинг сўзлари эшитилиб, пиротехника воситаларини сотиш ва сақлаш билан шуғулланган шахсларга нисбатан жарима жазоси тайинланди, – дейди жиноят ишлари бўйича Чортоқ туман судининг раиси Иброҳим Жаббаров. – Ашёвий далил сифатида олинган пиротехника воситалари эса йўқ қилинди. Биз бир лаҳзалик кўнгилхушлик сабаб ёмон оқибатлар рўй бермаслиги тарафдоримиз.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА