Пиллани қайта ишлаш имконияти ошмоқда
Вилоятдаги ипакчилик илмий-тадқиқот институти тасарруфида наслли ипак қурти уруғи етиштирувчи корхона ташкил этиш бўйича “Самарқанд пилла уруғчилик” ҳудудидан бино ва иншоотлар ажратилди.
Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 31 июлдаги “Пиллачилик тармоғида чуқур қайта ишлашни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Самарқанд вилоятида 2019 йилги инвестиция дастури асосида лойиҳа қиймати 3 миллиард 200 миллион сўмлик “Самарқанд Силк АО” фабрикаси ташкил этилди. Мазкур корхона ноябрь ойидан тўла қувват билан иш бошлайди.
Пиллани чуқур қайта ишлаш ҳисобига 2020 йилдан бошлаб вилоятда фаолият кўрсатаётган пиллани қайта ишлаш корхоналари томонидан Германиянинг DORNIER ҳамда Италиянинг ITEMA компаниялари билан тузилган шартномалар асосида қўшимча 3,6 миллион долларлик инвестиция киритилади ҳамда ипак матолари ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Бунинг ҳисобига вилоятда 400 нафар хотин-қизлар учун қўшимча иш ўринлари яратилади.
Вилоятдаги ипакчилик илмий-тадқиқот институти тасарруфида наслли ипак қурти уруғи етиштирувчи корхона ташкил этиш бўйича “Самарқанд пилла уруғчилик” ҳудудидан бино ва иншоотлар ажратилди.
Вилоятга кириб келаётган ипак қурти уруғи импортига чек қўйиш мақсадида 2018 йилда лойиҳа қиймати 2 миллион долларлик инвестиция киритилиб, “Samarqand Tian Zhu Silk Worm” Ўзбекистон-Хитой қўшма корхонаси иш бошлади. Улар томонидан 2019 йил учун 10 минг, 2020 йил учун 20 минг қути сифатли ипак қурти уруғлари тайёрланди. Режага кўра, 2021 йилга бориб мазкур корхона 50 минг қути ипак қурти уруғи ишлаб чиқаради ҳамда вилоятнинг ипак қурти уруғига бўлган эҳтиёжи тўлиқ қопланиб, хориждан олиб келинаётган ипак қурти уруғи импортига чек қўйилади.
Бундан ташқари, вилоятда 2019 йил баҳор ва куз ойларида жами 22 миллион 500 минг дона тут кўчатлари экиш режалаштирилган бўлиб, баҳор ойларида 9 миллион 699 минг дона тут кўчатлари экилди. Қолган 12 миллион 801 минг тут кўчатлари тўлиқ куз ойларида экилади.
– Шунингдек, қуртхоналар ва кўчма қуртхона қуриш бўйича режа асосида жорий йилнинг тўртинчи чорагига 47 дона белгиланган бўлиб, шундан бугунги кунда 20 дона кўчма қуртхоналар қурилди, – дейди Самарқанд вилоят ҳудудий агропилла МЧЖ раҳбари Ёдгор Жўраев. – Туманларда эса тутзорлар ичидан 10 дона доимий қуртхона қуриш ишлари амалга оширилмоқда. Қолган 17 та қуртхона ҳам йил охиригача қурилиб, ипак қурти боқиш учун тайёр ҳолга келтирилади.
Маълумот ўрнида айтиш керакки, 2019 йилда Самарқанд вилоятида 1- ва 2-мавсум учун 48 минг 100 қути ипак қуртлари тарқатилиб, 2 минг 645 тонна пилла етиштириш режалаштирилган. Жами вилоят бўйича 2 минг 655 тонна пилла тайёрланди ҳамда бу кўрсаткич юз фоизга бажарилди.
Баҳоргидан фарқли равишда август-сентябрь ойларида 3-4-мавсум учун пилла боқиш мажбурий бўлмасдан, фермер хўжаликлари томонидан эмас, касаначилик асосида 7 минг 140 қути ипак қурти боқилди. Вилоят пиллакорлари кузги такрорий пилла хом ашёси етиштириш учун ипак қуртини юқори агротехник талаблар асосида парвариш қилди.
Улар 3-мавсумда 3 минг 919 қутидан 156,9 тонна ва 4-мавсумда 3 минг 221 қутидан 129,4 тонна, жами 286,3 тонна тирик пилла етиштириб, режа юз фоизга бажарилди. Ўрта ҳисобда пиллакорлар ҳар бир қутидан 40-41 килограммдан ҳосил олди.
Вилоятда кузги қўшимча боқилган ипак қуртидан олинган 286,3 тонна пилла ҳисобидан 1,1 миллион долларлик ипак ва ипак маҳсулотлари экспорт қилиш кўзда тутилган.
Умумий ҳисобда жорий 2019 йилда етиштирилган пилла хом ашёсидан вилоятда фаолият юритаётган 7 та пиллани қайта ишлаш корхоналари томонидан 2020 йилнинг иккинчи чорагигача 10 миллион долларлик ипак ва ипак маҳсулотлари экспорти амалга оширилади.