Ангор тумани Кайран маҳалласида яшайдиган Менгал момо Холлиева Сурхондарё вилоятидаги энг кекса, энг тажрибали пиллакорлардан бири. Момо 75 йилдан буён фарзандлари, неваралари билан пилла боқиб, мўл ҳосил етиштиради.
Бу йил умрининг 84 баҳорини қаршилаган тажрибали пиллакор тўққиз ёшидан ипак парваришлашни бошлаган. Болаликнинг энг беғубор даврларида ширин уйқусидан кечиб, тунлари ипак қуртини озиқлантирган Менгал Холлиева учун пиллачилик ҳаётининг мазмунига айланди.
– Урушдан кейинги оғир йилларда отам хўжалик раиси эди, дея ўша кунларни эслайди Менгал момо. – Уйимизда пилла –парваришлар эдик. Ҳозир ҳам кечагидек эслайман. Онам раҳматли “кел, сен ҳам пиллага барг ташла”, дея тунлари ҳам қўлимга бир тутам тут баргини тутқазар эди. Онамнинг ҳаракатларини уйқусираб кузатиб, қуртларга озуқа берар эдим. Шу зайлда ўзим мустақил барг ташлайдиган бўлдим. Ярим тунда ҳам уйғониб, ипак қуртларидан хабар олар, озуқа берар эдим. У йиллар жуда оғир бўлиб, хўжалик раҳбарларининг оила аъзолари меҳнатда барчага ўрнак кўрсатиши лозим эди. Ёш бўлсам-да, ўша даврларда тунни кунга улаб, қаттиқ ишлаган эканмиз.
Менгал момонинг айтишича, ипак қурти ўта нозик жонивор. Уни вақтида озиқлантириш, меҳр бериб парваришлаш лозим. Уйқуга кетганида ҳам тез-тез хабар олиб туриш керак. Шундагина кутилган ҳосилни олиш мумкин. Совуққа чидамсиз. Баҳор серёғин, андак совуқ бўлган йилларда хонани белгиланган даражада иситиш керак. Ана шундай йилларда тажрибали пиллакор печкага олов ёқиб, ипак қуртларини сақлаб қолган пайтлар кўп бўлган.
– Пилла ҳам миллий бойлигимизга айланган, – дея суҳбатни давом эттиради Менгал момо. – Лекин, ўтган даврларда даромадни тунлари ухламай ипак қурти парваришлаган пиллакор эмас, бошқалар кўрди. Ҳаётимдан, турмушимдан нолимайман-у, пиллакорга меҳнатига яраша ҳақ берилмади. Фақат кейинги йилларда бу соҳага эътибор кучайди. Президентимиздан миннатдорман. Барча шароитларни яратиб бермоқда. Пиллага талаб бору, озуқасига эътибор йўқлигидан тут дарахтлари ҳам тугаб қолаёзган эди. Энди яна кенг майдонларда тут плантациялари барпо этилаётир. Мана, бу йил ҳам пилланинг харид нархи 25 фоизга оширилибди. Бу хушхабар биз пиллакорларни янада руҳлантирди. Бир пайтлар 50 қутигача пилла боқиб ҳам косамиз оқармаган бўлса, энди меҳнатимизга, олаётган ҳосилимизга яраша даромад кўряпмиз.
Менгал Холлиева Президентимизнинг жорий йил 3 майдаги “Пилла етиштириш ва ипакчилик соҳасида бозор механизмларини жорий қилишни жадаллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони пиллакорлар меҳнатини қадрлаш ва ундан олинадиган даромадни кўпайтиришга йўналтирилганидан жуда суюнганини айтади. Бу пилла етиштириш ва ипакчилик соҳасини янада яхшилаш, хомашё базасини кенгайтириш, пилла етиштирувчиларни қўллаб-қувватлаб, янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш орқали янги иш ўринлари ташкил этишда муҳим омил бўлиши ҳақида қувониб гапиради.
Умрини пиллачиликка бағишлаган Менгал момонинг сермашаққат меҳнати сўнгги йилларда муносиб рағбатлантирилиб, у 2022 йил “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган пиллачи” фахрий унвонига сазовор бўлди. Айни пайтда ўн фарзанднинг меҳрибон онаси, 68 набира, 10 чевара ва уч эваранинг суюкли момоси инсон қадри улуғланаётган мамлакатимизда тинч, тўкин ҳаёт кечириб, 25 нафар оила аъзоси билан 25 қути ипак қуртини боқмоқда. Шу кунларда улар парваришлаётган ипак қуртлари хомашё ўрашни бошлади.
Оила бу йилги мавсумда мавжуд ипак қуртидан 2,5 тоннага яқин пилла хомашёси етиштириб, юз миллион сўмга яқин даромад олишни чўтламоқда. Болаликдан шу соҳага меҳр қўйган кекса пиллакор эндиликда ипак қурти боқишга қизиқиш уйғонаётган ёшлар ва невара-чевараларига уни парваришлашнинг сир-синоатини қунт билан ўргатаётгани ҳам Менгал момо ҳаётига ўзгача мазмун бағишлаётир. Демак, моҳир пиллакор яқин йилларда соҳа изчил ривожланиб, янада сердаромад тармоққа айланишини чуқур ҳис этмоқда.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири