Пиллачиликда инновация: кузги такрорий ҳосил
Сентябрь ойида ипак қурти боқиб пилла топширдим, дейишса кўпчилик ишонмайди. Аммо бу ҳақиқат. Кузги пилла хом ашёси пиллакор учун янги даромад манбаини яратмоқда.
Президентимиз фармонига кўра Пиллачилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси ташкил этилиб, унга сурхондарёлик тадбиркор Баҳром Шарипов раис этиб тайинланган кунлар, янги идора раҳбари республикамизда ҳадемай нафақат кўкламда , балки ёз ва куз ойларида ҳам такрорий пилла етиштириш йўлга қўйилади, соҳа том маънода валюта келтирадиган тизимга айланади, деганда кўпчилик ишонмаган эди.
Дарҳақиқат, сўнгги уч-тўрт йил ичида республикамизнинг барча вилоятларида ўнлаб пиллани қайта ишлаш корхоналари пайдо бўлди.
Баҳром Шарипов раҳбарлигида барча туманлардаги пиллахоналарда хом ашёга нақд пулда ҳақ тўлаш жорий этилди. Кластерлар пиллакорни бошига кўтарадиган, қадрлайдиган тизим яратилди. Пиллакорлар, кластерлар янги тутзорларни ташкил этиш, тут барги мўл-кўллигини таъминлашга астойдил киришди. Соҳага инновацион тамойиллар жорий этила бошлади. Оқибат ипак қуртини йилига бир марта эмас, 2-3 маротаба боқиш, кутилганидек ҳосил олиш ҳаётий ҳақиқатга айланди. Биз, буни Тошкент вилояти Пискент туманида пиллакорлар ҳузурида бўлганимизда кўрдик.
Туман “Агропилла” МЧЖ корхонасининг бош ҳосилоти Санобар опа Жўраеванинг эътироф этишича, тумандаги “Дўнгқўрғон”, “Чўлоққўрғон” маҳаллаларида фидойи кишилар жуда кўп. Масалан, Туроб Ибрагимовлар оиласи биринчи мавсумда 3 қути ипак қурти парваришлаб, ҳар қутисидан 60 килодан пилла топширган. Ҳосилдан тушган даромад 8 миллион сўмдан ошган. Бундан руҳланган хонадон бекалари Раҳима ая ва келинлари Нозима Иброҳимовалар кузги пилла боқишга ҳам бажонидил рози бўлган.
– Ҳар бир ишнинг ўзига яраша оғир-енгил томонлари бор, – дейди пиллачилик борасида 45 йиллик тажрибага эга Раҳима ая. – Кузги қурт парваришида тут баргларининг тоза ва майин бўлишига эътибор бердик. Тут дарахтларини шохи билан эмас, фақат баргларини териб олиб, эринмасдан ювиб тозаладик. Шунда баргдаги чанг ва ғуборлар ювилиб, ипак қуртининг майин озуқасига айланди. Тоза озуқани ипак қуртлари иштаҳа билан еди ва сифатли пилла ўради.
Яна бир эътиборли жиҳат шундаки, пилла парваришини янги технологиялар асосида, яъни сўриларда эмас, махсус қутиларда парвариш қилган пиллакорлар ипак қурти етилиб, пилла ўраш вақтида махсус юмшоқ сим тўрли мосламалардан фойдаланди. Натижада сифатли ва сертола пилла етиштирилди. Такрорий пилла етиштириш ҳар бир оилага 3-4 миллион сўмдан қўшимча даромад келтиргани янада эътиборлидир.
– Мавсумда 2 маротаба пилла етиштириш учун бизга кореялик мутахассислар кенг имконият яратиб берди, – дейди тажрибали пиллакор Санобар опа Жўраева. – Чунки моддий манфаатдорлик бор жойда унум ва барака бўлади. Пиллакорларимиз ҳар мавсумда иш ҳақиларини ўз вақтида олмоқда. Пилла пули тарози бошида берилмоқда. Ҳукумат қарорига кўра ва кластерлар ҳиммати билан ҳар кило пилла хом ашёси учун субсидия берилаётгани пиллакорни янада қизиқтириб қўйган. Айни чоғда эса мутахассисларимиз тутзорларнинг ҳолатини назорат қилиб, уларни парваришлашга алоҳида эътибор қаратмоқда. Чунки тутзорлар келгуси йил баҳорда пилладан мўл ҳосил кўтариш гаровида.
Абдунаби Алиқулов, ЎзА