Пиллачи аёллар қўллаб-қувватланади
Самарқандда пиллачилик соҳасида замонавий технологияларни амалиётга жорий этиш юзасидан ўқув-семинар ўтказилди.
Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси, “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси ва вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда туманлар оила ва хотин-қизлар бўлимлари раҳбарлари, пилла етиштириш билан шуғулланувчи кластер ва фермер хўжаликлар масъуллари, пиллакорлар қатнашди.

Семинарда шу йил 12 феварль куни давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев раислигида қишлоқ хўжалигида ишга солинмаган янги захираларни сафарбар этиш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида пиллачиликни ривожлантириш юзасидан белгилаб берилган вазифаларни амалга ошириш, бу йилги мавсумда эътибор қаратилиши лозим бўлган масалалар ҳақида сўз юритилди.
– Президентимиз томонидан пиллани Вьетнам ва Хитой тажрибаси асосида саноат усулида етиштиришни йўлга қўйиш, ўрма тутзорлар яратиш, уруғчилик бўйича вазифалар олдимизга қўйилди, – дейди Ипакчилик илмий-тадқиқот институти директори Шуҳрат Абдулазизов. – Ипак қурти боқувчилар моддий манфаатдорлигини ошириш учун икки босқичда бозор тамойилларига ўтилади. Бу йил биринчи босқичда пилла нархи 25 фоизга оширилади. Аҳолига пилла етиштириш учун субсидия берилади ва пилла етиштирувчилар даромад солиғидан озод қилинади. Иккинчи босқичда 2025 йилдан нархни давлат белгилаши, кластерларга муайян туман ва фермерлар бириктирилишидан воз кечилади. Пилла фермер билан кластер ўртасида эркин нархда тузиладиган шартнома асосида ёки биржа орқали сотилади.

Хориж тажрибаси асосида жойларда махсус ипак қурти боқиш масканлари ташкил этилади ва йил давомида 4-5 марта пилла етиштириш, наслли уруғлар тайёрлаш йўлга қўйилади. Шу мақсадда ипакчилик институти ҳузурида 2 та наслли уруғлик станцияси ишга туширилади.
Семинарда пилла етиштиришда ипак қуртини танлаш, уни инкубациядан чиқариш ва иш билан банд бўлмаган хотин-қизларни мазкур фаолият билан шуғулланишга жалб этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Маҳаллаларда пиллачиликда катта тажрибага эга хотин-қизлар орасидан “Лидер аёллар” сараланиб, ипак қуртини янги агротехник қоидалари асосида парваришлашга ўқитилади. Сўнггра улар ўрганганлари ва ўз тажрибаларини маҳалладаги бошқа аёлларга ўргатади. Бу орқали ишсиз хотин-қизлар бандлиги таъминланади, улар даромад манбаига эга бўлади.

Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Зебинисо Раҳмонованинг қайд этишича, вилоятда 152 минг нафардан ортиқ хотин-қиз ипак қурти боқишга жалб қилинади. Ипакчилик билан шуғулланувчи 11 та кластер ва фермер хўжалиги билан пилла етиштирувчи хотин-қизлар манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг меҳнатига муносиб ҳақ тўлаш ва қўшимча рағбатлантириш борасида ҳамкорликда иш олиб борилади.
Семинарда пиллачилик кластерлари вакиллари, пиллакор аёллар ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари