Пилла уруғчилиги корхоналари фаолияти ривожланмоқда
Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси ва “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси масъуллари Сурхондарё вилояти Ангор туманидаги "Xuashen silk Pro" МЧЖ қўшма корхонасидаги иш жараёнини кўздан кечирди.
Маълумки, "Xuashen silk Pro" МЧЖ қўшма корхонаси уруғчиликка ихтисослаштирилган бўлиб, бу ерда 2022 йил 20 минг қутидан ортиқ ипак қурти уруғлари тайёрланди. Ипакчилик илмий-тадқиқот институти ходимлари томонидан хитойлик ҳамкорлар билан биргаликда мазкур корхона фаолиятини ривожлантиришга доир тегишли чора-тадбирлар кўрилмоқда. Жумладан, 2023 йилдан бошлаб бир жинсли ипак қуртларини тайёрлаш режалаштирилган. Чунки бир жинсли ипак қуртининг ўртача ҳосилдорлиги бошқа уруғларга қараганда 15-20 баъзан 30 фоизгача кўпроқ бўлиши билан фарқланади.


Ишчи гуруҳ аъзолари дастлаб мазкур корхонада тайёрланган ипак қурти уруғларининг сақланиш жараёнлари, пилла йиғимининг 3-4 мавсумида қилинган ишлар билан танишди. Пилла озуқа базасининг ҳолати ўрганилди. Корхона фаолиятини кузатиш давомида ишчи гуруҳ томонидан мутахассисларга уруғларни сифатли сақлаш, микроанализ қилиш юзасидан маслаҳатлар берилди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА