Петер Сийярто Ташқи ишлар вазирлигида
Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Владимир Норов мамлакатимизга ташриф билан келган Венгрия ташқи ишлар ва савдо вазири Петер Сийярто билан музокара ўтказди.
Ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари Иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Венгрия Ҳукуматлараро комиссиясининг бугунги йиғилиши самарали ўтганини мамнуният билан қайд этдилар.
Мулоқот чоғида икки томонлама кун тартиби ҳамда халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасидаги ҳамкорликнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Олий даражадаги мулоқотни давом эттириш муҳимлиги таъкидланди. Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида сиёсий маслаҳатлашувнинг навбатдаги даврасини жорий йил ўтказиш зарурлиги маъқулланди.
[gallery-6946]
Маданий-гуманитар ҳамкорлик, айниқса, таълим соҳасидаги алоқаларнинг юқори суръати эътироф этилди. Венгрия томони ўзбекистонлик талабаларнинг мамлакат олий таълим муассасаларида таълим олиши учун қўшимча стипендиялар ажратилишини маълум қилди.
Венгрия томони Ўзбекистоннинг минтақада барқарорликни мустаҳкамлаш ва Афғонистонда тинчлик жараёнига кўмаклашиш борасидаги саъй-ҳаракатини юқори баҳолади.
БМТ, Европа Иттифоқи, ЕХҲТ ва Туркий давлатлар ташкилоти доирасидаги ҳамкорликни ривожлантиришдан икки томон ҳам бирдек манфаатдор экани билдирилди.
Турли даражада бўлажак тадбирлар жадвали кўриб чиқилди.
Ғ.ХОННАЗАРОВ, ЎзА