Пенсия ва нафақалар қайта ҳисобланмоқда
Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 4 июндаги “Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига кўра 2021 йилнинг 1 июлидан бошлаб белгиланган ёшга доир энг кам пенсия миқдорида ва ундан кам пенсия олувчи шахсларга пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг 20 фоизи миқдорида қўшимча тўлов жорий этилди.
Бунда, иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги пенсияларнинг энг кам миқдори қўшимча тўловни ҳисобга олган ҳолда 256 675 сўмдан 400 000 сўмга оширилади. Шунингдек, белгиланган ёшга доир энг кам пенсия миқдоридан 565 000 сўмгача пенсия олувчиларнинг ёшга доир ва ногиронлик бўйича пенсиялари миқдори 565 000 сўмга етказилади.
Яна бир муҳим янгилик — зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган нафақа миқдори 315 030 сўмдан 400 000 сўмга етказиладиган бўлди.
Боқувчисини йўқотганлиги учун пенсияси олувчиларнинг ҳар бир меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун қўшимча тўлов жорий этилади. Пенсия олувчиларнинг бир нафар меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун пенсиянинг энг кам миқдори 256 675 сўмдан 400 000 сўмга оширилиб ва кейинги ҳар бир меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун амалдаги тартибга мувофиқ пенсия тўланади.
Болаликдан ногиронлиги бўлган шахсларга бериладиган нафақа эса 513 350 сўмдан 565 000 сўмга оширилади.
Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Самарқанд вилояти бошқармаси ва туман(шаҳар) бўлимлари томонидан мазкур Фармон ижросини ўз вақтида таъминлаш мақсадида режали чора-тадбирлар белгилаб олинди. Дастлабки таҳлилларга кўра вилоятда иш стажи тўлиқ бўлмаган энг кам миқдорида (256 675 сўм) пенсия олувчилар сони 25 мингтадан кўпроқ. Белгиланган ёшга доир энг кам пенсия миқдордан 565 минг сўмгача ёшга доир ва ногиронлик бўйича пенсия олувчилар 55 минг нафар, зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқаролар 10 мингдан ортиқни ташкил этади. Боқувчисини йўқотганлик учун пенсия ва нафақа олувчилар 17 минг, болаликдан ногиронлиги бўлган шахслар эса 34 минг нафар экан.
Ҳозирги кунда вилоятда бўйича ушбу тоифага тегишли барча пенсия ва нафақа олувчилар бевосита компьютер дастури орқали саралаб олиниши ва жорий йилнинг июль ойидан бошлаб уларга оширилган миқдорда пенсия ҳамда нафақа пуллари тўлиб тўлаб берилиши таъминланади.
Абдурашид РАҲИМОВ,
Молия вазирлиги ҳузуридаги
бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Самарқанд
вилоят бошқармаси бўлим бошлиғи.
ЎзА