Пенелопа Крус урушга қарши
Испаниялик актриса Пенелопа Крус ижтимоий тармоқдаги саҳифасида Ғазода “зудлик билан ўт очишни тўхтатиш”га чақирди. Ўзининг ҳикоялар бўлимида қолдирган постида машҳур санъаткор бу ваҳшийликка барҳам бериш кераклигини таъкидлаган. Эътиборлиси, Крус бу мавзуда биринчи бор чиқиш қилаётгани йўқ.
2014 йил Пенелопа Крус, Хавьер Бардем, Педро Альмодовар каби Голливуд юлдузлари Европа Иттифоқи раҳбариятига очиқ хат ёзиб, Исроилнинг Ғазо секторига ҳужуми қораланишини талаб қилган эди. Ўша мактубда Исроил “БМТ резолюцияларига бўйсунмайдиган, инсон ҳуқуқини ҳурмат қилмайдиган ва давлат терроризмини амалга оширувчи мамлакат” сифатида қайд этилган. Бу гал ҳам ЕИ масъуллари анклав ҳар томондан тўпга тутилишини қоралашга чақирилган.
“Шу кунларда қуруқлик, денгиз ва ҳаводан қамал қилинган Ғазо даҳшатли даврни бошидан кечирмоқда. Фаластинликлар уйлари вайрон қилинмоқда. Улар сув ва электр энергиясидан, шифохона, мактабга эркин боришдан маҳрум, халқаро ҳамжамият эса ҳеч нарса қилмаяпти”, - дейилади мактубда.
Пенелопа Круснинг турмуш ўртоғи машҳур актёр Хавьер Бардем Испаниянинг “El Diario” газетасига берган интервьюсида фаластинликлар ва исроилликлар ўртасидаги қуролли тўқнашувни бир халқнинг бошқа халқ томонидан йўқ қилиниши сифатида тавсифлаган.