
Абдулла Авлоний номидаги халқ таълими муаммоларини ўрганиш ва истиқболларини белгилаш илмий-тадқиқот институти Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий маркази фаолияти танқидий ўрганилди.
Президент қарорлари – ҳаётда ва назоратда
Марказ фаолиятини ўрганиш фақатгина шу ташкилот мутахассисларига боғлиқ эмас. Шу боис ҳудуддаги мактаблар фаолияти билан танишилиб, бир қатор учрашувлар уюштирилди.
Марказ профессор-ўқитувчилари, тингловчилари учун қарор ва фармонлар ижроси юзасидан суҳбат бўлиб ўтди.
Унда давлатимиз раҳбарининг жорий йил 25 январдаги “Халқ таълими соҳасидаги илмий-тадқиқот фаолиятини қўллаб қувватлаш ҳамда узлуксиз касбий ривожлантириш тизимини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш масалалари кенг муҳокама қилинди.

Қарорга мувофиқ тизимини такомиллаштириш, умумий ўрта таълимнинг илмий асосларини яратиш борасида амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Марказ фаолияти танқидий, таҳлилий сарҳисоб қилинди. Бугунга қадар амалга оширилган ишлар, эришилган ютуқлар ва йўл қўйилган камчиликлар ўрганилди.
Мутахассислар, марказ раҳбарияти ва ўқитувчиларига малака оширишдаги контентлар мазмунини янгилаш, таълим сифати ва самарадорлигини ошириш бўйича аниқ вазифа ва топшириқлар берилди.
Шу билан бирга, Хўжайли туманидаги 6-сон умумтаълим мактаби фаолияти ва муаммолари ҳам ўрганилди. У ердаги яратилган шарт-шароитлар кўрилди, ўқув жараёнлари ва мактаб муаммолари таҳлил қилинди.
Халқ таълими вазирлиги, туман, шаҳар халқ таълими бўлими мудирлари ва мактаб ўқитувчилари иштирокида семинар ҳам ўтказилди.
Семинарда PISA ва PIRLS тадқиқотларига тайёргарлик бўйича амалга оширилаётган ишлар, таянч мактабларининг лаборатория жиҳозлари, реактивлар ва зарур компьютер техникалар билан таъминланганлик ҳолати танқидий муҳокама қилинди. Педагогларни қийнаётган муаммолар тингланди ва мавжуд камчиликларни бартараф этиш бўйича аниқ муддатларни кўрсатган ҳолда режалар белгиланди. Мактабларда Президент қарорида белгиланган топшириқлар ижросини таъминлаш кераклиги қайд этилди.
Қарорда умумий ўрта таълимнинг илмий асосларини яратиш борасида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгиланган. Бу эса мутахассислардан ўз ишига ҳар лаҳза масъулият билан ёндашишни талаб этади.

Маълумки, эндиликда халқ таълими ходимларининг малака ошириши бўйича эҳтиёжлари ўрганилади. “Узлуксиз касбий таълим” махсус электрон платформаси орқали уларнинг индивидуал касбий ривожланиш траекторияси тузилади ва ҳар бир халқ таълими ходимининг электрон портфолиоси шакллантирилиб, ходимнинг индивидуал траекторияси, касбий ривожланиш натижалари, ўзлаштирган ўқув дастурлари бўйича маълумотлар базаси шакллантирилади. Ҳар бир учрашув, суҳбат, семинарлар давомида амалиётга жорий қилинаётган янгиликлар хусусида маълумотлар берилди.
Ўрганишлар сўнгидаги хулосалар мутахассислар билан муҳокама қилинди.
ЎзА