Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига мувофиқ, жорий йилнинг август-декабрь ойларида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидаги мактабгача, умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим ташкилотлари педагог кадрлари малака тест синовларидан ўтказилиши белгиланган.
Синов жараёнлари жорий йилнинг 12 ноябрга қадар давом этади.

Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти таълим муассасалари педагоглари иштирокидаги аттестация синовлари пойтахтимизда жойлашган Педагогик маҳорат ва халқаро баҳолаш илмий-амалий марказида ташкил этилмоқда.
Ўрнатилган тартибга кўра, синовлар икки босқичда амалга оширилади. Биринчи босқичда мутахассислик фанидан педагогларнинг билими (билиш, қўллаш, мулоҳаза қилиш кўникмалари), иккинчи босқичда уларнинг педагогик маҳоратлари баҳоланади.
Биринчи босқичда педагогнинг мутахассислик фани ва касб стандарти бўйича билим даражаси баҳоланади. Бунда педагогларга мутахассислик фани бўйича 35 та ҳамда касбий стандартларига оид 5 та тест саволлари берилади.

Иккинчи босқичда педагогик маҳорати баҳоланади. Бунда педагогик маҳоратни аниқлаш мақсадида 10 та савол-топшириқ берилади.
Ҳар иккала босқич ҳам компьютерда реал вақт режимида (онлайн) ўтказилмоқда. Бунинг натижасида ташқи аралашувнинг олди олиниб, инсон омили аралашувига барҳам берилади.
Жорий синовларда 40 дан ортиқ фанлардан дарс берувчи 180 мингга яқин педагоглар қатнашмоқда.
Аттестация натижаларига доир электрон шаклдаги сертификатлар педагогларнинг шахсий кабинетларига юборилади.
Н.Усмонова,
ЎзА