Педагогика университетининг кўнгилли ўқитувчилари Call-марказларда ишламоқда
Шу билан бирга, халқимизни янада ҳамжиҳат бўлишга ундамоқда.
Бугунги кунда дунёда, хусусан, Ўзбекистонда коронавирус (Covid-19) билан касалланганлар сони ошиб бораётгани халқимизда жуда катта ташвиш уйғотмоқда. Шу билан бирга, халқимизни янада ҳамжиҳат бўлишга ундамоқда.
Ушбу касалликни олдини олиш ва енгишда янада қулайлик яратиш мақсадида ягона 1003 қисқа рақамга эга чақирув марказини ишга туширилди. Мазкур рақам орқали фуқароларимиз қўнғироқ қилиб, коронавирус инфекцияси, ўз саломатлиги ва яқинларининг аҳволи билан боғлиқ саволларга жавоб ва тавсиялар олмоқда.
Ушбу жараёнда Низомий номидаги ТДПУ профессор-ўқитувчилари коронавирус оқибатида юзага келиши мумкин бўлган хавф-хатарларни тўғри баҳолаб, тарғибот ва ташвиқот ишларида фаол иштирок этмоқда. Жумладан, профессор-ўқитувчилардан ихтиёрий ташкил топган кўнгилли 12 та катта гуруҳлар тузилиб, улар пандемияга қарши курашга кўмаклашиш мақсадида ташкил этилган Қўнғироқлар маркази (Call centre - 1003)да 3 сменада, куну-тун 24 соат узлуксиз фуқароларнинг саволларига жавоб бермоқда.
Ушбу марказда коронавирус (Covid-19) бўйича 1003, 1105 рақамлари орқали фуқароларнинг мурожаатларига хизмат кўрсатилиб келинмоқда. Дастлабки кунларда аҳоли коронавирус инфекцияси, унинг аломатлари ва юқиши, олдини олиш чоралари ҳақида сўраб мурожаат қилинган. Ҳозирда оммавий ахборот воситалари ва онлайн нашрларда кенг тушунтиришлар берилгани сабабли аҳолининг хабардорлиги анча ошиб, бу каби саволлар камроқ бериляпти. Энди улар асосан муайян вазиятга оид тавсиялар сўрашмоқда. Хусусан, профессор-ўқитувчилар коронавирус пандемиясини олдини олишда энг аввало фуқароларимизнинг тиббий маданиятини юксалтириш бўйича маслаҳатлар, касалликка гумон қилинаётган ёки касаллик аломатлари бўлган беморларни тезроқ тиббий, психологик ёрдам олишига қаратилган саъй-ҳаракатларни амалга оширишмоқда.