Андижон вилояти ички ишлар бошқармаси аёл ходималари ўртасида "Пазанда ходима" кўрик-танлови бўлиб ўтди.
Мамлакатимизда хотин-қизларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, Ватан тараққиёти ва жамият ҳаётидаги иштироки, ўрни ва ролини ошириш борасидаги ишлар давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган. Хусусан, Андижон вилояти ички ишлар бошқармаси ташаббуси билан ички ишлар органлари аёл ходималари ўртасида ўтказилган “Пазанда ходима” кўрик-танлови ҳам ана шу йўналишдаги ишлардан биридир.

– Бугун жамиятимизда бирор бир соҳа ёки тизим йўқки, опа-сингилларимиз фаоллик кўрсатмаётган, самарали меҳнат қилмаётган бўлса, - дейди Андижон вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғининг ўринбосари, подполковник Жонибек Давронов. – Улар фарзанд тарбияси, оила юмушларидан ортиб, кўплаб соҳаларда фидоийлик, ташаббускорлик билан меҳнат қилмоқда, кўпларга ибрат бўлмоқда. Жумладан, ички ишлар тизимида иш олиб бораётган хотин-қизларимиз ҳам зиммаларидаги хизмат вазифаларини сидқидилдан адо этиб келмоқда.

Бу каби кўрик-танлов ва бошқа тадбирларимиз ходималарнинг ҳар қандай вазиятда тўғри қарор қабул қилиш, қийин вазиятларда жамоа бўлиб ишлаш ва оилада ўз вазифаларини аъло даражада бажаришларига ёрдам беради.

Уч босқичда бўлиб ўтган кўрик-танловда тизим йўналишларида иш олиб бораётган хотин-қизлардан тузилган 10 та жамоа иштирок этиб, ўзларининг пазандалик борасидаги маҳоратларини намойиш этди. Улар миллий таом – палов ҳамда салат тайёрлаш, стол устини безатиш шартлари асосида ўзаро беллашди. Ҳар бир шартнинг қай даражада бажарилиши ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳолаб борилди.

Танловнинг якуний натижаларига кўра, “Баркамол авлод” жамоаси фахрли биринчи ўринга сазовор бўлди. Иккинчи ўрин “Эверест”, учинчи ўрин эса “Тўмарис” жамоаларига насиб этди.

Ғолиб ва совриндорлар Андижон вилояти ички ишлар бошқармасининг диплом, ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат),
ЎзА мухбирлари