Пахтаободлик пиллакорларнинг шашти баланд (+видео)
Шу кунларда Андижон вилоятининг барча туманларида ипак қуртини боқиш, етиштирилган пилла ҳосилини йиғиб-териб олиш ишлари қизғин паллага кирган. Жумладан, Пахтаобод туманида ҳам бу борадаги ишлар самарали олиб борилмоқда.
Пиллачилик мамлакатимиз иқтисодиётининг етакчи тармоғи, енгил саноат учун муҳим хом-ашёлардан бири ҳисобланади. Шу боис юртимизда пиллачиликни ривожлантириш, сифатли пилла етиштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади.
Ипак қурти боқиш, пиллачилик соҳасида ўзига хос тажриба мактаби шаклланган Пахтаобод туманида жорий йилда 5 минг 623 қути ипак қурти парваришланиб, 338 тонна пилла етиштириш режалаштирилган.
– Жорий йилда белгиланган пилла режасини бажариш учун туманимизда зарур ишлар олиб борилди, – дейди Пахтаобод тумани “Агропилла” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Жаҳонгир Сотволдиев. – Жумладан, мавжуд 353 гектар майдондаги тутзорларни парваришлаш, мўл ва сифатли озуқа олиш, уруғчилик лабораториялари ишини самарали ташкил этиш, ҳудудлардаги “Лидер агроном аёллар”ни, касаначиларни ўқитиш, пилла етиштирувчиларга зарур шарт-шароитларни яратишга қаратилган ишлар амалга оширилди. Бундан ташқари, пиллакорларга ҳар бир қути ипак қурти учун 300 минг сўмдан аванс пули берилди.
Айниқса, пилла парваришига хотин-қизларни жалб этиш орқали уларнинг бандлигини таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, жорий йилда мазкур йўналишда 2 минг 500 нафар киши доимий ва мавсумий ишларга жалб этилган бўлса, аксариятини хотин-қизлар ташкил этади. Уларнинг барчасига амалдаги тартиблар асосида иш стажи юритилмоқда.
[gallery-23336]
Айни кунда пилла қабул қилиш пунктимиз тахт ҳолга келтирилган. Пилламизни сотиб олувчи “Andijon silk Co” кластер корхонаси билан келишиб олганмиз. Пиллакорларга тарозини устида пул берилади.
Мавсум бошида туманда фаолият олиб бораётган 14 та инкубаторияда Хитой технологияси асосида 5 минг 623 қути сифатли уруғ тайёрланиб, 433 та фермер хўжалиги, 400 нафардан зиёд касаначиларга етказиб берилди.
Таъкидлаш керакки, пиллакорнинг бир ойлик меҳнати йилга татийди. Ипак қурти парвариши ўта нозик иш. Хона ҳароратини бир хилда ушлаб туриши, қуртларга ўз вақтида озуқа бериш, буларнинг бари айтишга осон холос. Эрта тонг тутзорга бориб барг кесиб келиш, ярим тун демасдан қуртларга барг солиш ўзига яраша меҳнат, машаққатни талаб этади.
Туманнинг Олим Қурбонов массиви, Пушмон маҳалласи, Ровон кўчасида яшовчи, пиллакор Соҳибахон Ғуломиддинова йигирма йилдирки, ипак қурти боқиб келади. Жорий мавсумда у келини билан 1,5 қути ипак қурти парваришламоқда.
– Бир неча йилдан буён оиламиз билан ипак қурти парваришлаб келамиз, – дейди тажрибали пиллакор Соҳибахон Ғуломиддинова. – Аввало, қуртга меҳр қўйиш керак. У ҳам тирик жон. Айниқса, қурт боқилаётган жой озода бўлишига алоҳида эътибор қаратиш лозим. Келинларим билан бу ишни чиройли адо этиб келяпмиз. Машаққатларнинг кўпи ортда қолди, бугун қуртни бостирдик. Насиб этса, ҳар йилгидек, бу йил ҳам режани ортиғи билан бажарамиз.
Мазкур маҳалланинг Янги кўча кўчасида яшовчи Зумрадхон Аҳмедова эса жорий йилда 3,5 қути ипак қурти боқмоқда. У келин бўлиб тушган хонадонидан янги уйга кўчиб ўтганига 16 йил бўлибдики, ҳар йили ипак қурти парваришлайди. Ипак қурти боқишнинг ҳақиқий миришкорига айланган.
– Ипак қурти боқиб кам бўлаётганимиз йўқ, – дейди Зумрадхон Аҳмедова. – Аввал онамдан, кейин қайнонамдан пилла боқишнинг сирларини ўрганганман. Авваллари қурт боқиш анча машаққатли эди. Боқиш даври узоқроқ, озуқа ҳам кўп кетар эди. Ҳозир қурт боқиш бирмунча енгиллашган.
Қуртларимиз яхши, насиб этса 200 килограммдан ортиқ пилла оламиз. Шунга яраша даромад ҳам яхши бўлади. Умуман, бу иш ортидан топаётган даромадимиз оиламизнинг камларини тўлдирмоқда.
– Бир нечта маҳаллани ўз ичига олган “Олим Қурбонов” массивида 24 та фермер хўжалиги ва 200 дан ортиқ хонадонда 320 қути ипак қурти парваришланмоқда, – дейди туман “Агропилла” масъулияти чекланган жамияти участка агрономи Замирахон Валиева. – Касаначиларимизнинг барчаси ипак қурти парвариши бўйича катта тажрибага эга пиллакорлар ҳисобланади. Массивимизда 200 нафарга яқин хотин-қиз ипак қурти парвариши билан шуғулланмоқда. Уларга белгиланган тартибда иш стажи юритилмоқда. Ишларимиз яхши, белгиланган 320 тонна пилла топшириш режасини ортиғи билан адо этамиз.
Туманнинг Озод массиви Дўнгқишлоқ маҳалласи, Тегирмонбоши кўчасида яшовчи Комилахон Қурбонова бу йил ўз хонадонида 2,5 қути ипак қурти парваришлади. Илғор пиллакор туманда биринчи бўлиб пилла теришни бошлади. Халқимизда “Аҳиллик бор жойда барака бўлади”, деган гап бежиз айтилмаган. Етиштирилган пиллани териб олиш учун қўни-қўшнилар, қариндошлар унинг хонадонига ёрдамга келган. Аҳиллик, ҳамжиҳатлик билан терилаётган ҳосил баракали бўлади.
– Кўп йиллардан буён оиламиз билан пилла етиштириб келамиз, – дейди К.Қурбонова. – Бу иш машаққатли бўлса-да, ҳар йили ипак қурти парваришлаймиз. Бир ой барчамиз шу иш билан астойдил шуғулланамиз. Даромади ҳам ёмон эмас, энг муҳими ҳалол ва баракали. Бу йилги даромадга катта ўғлимизнинг тўйини ўтказишни режалаштириб турибмиз.
Авваллари пиллакорлар топширган пилласи учун йиллар давомида пулини ололмасдан сарсон бўлар эди. Эндиликда бундай муаммо тўла бартараф этилган. Мутасаддиларнинг таъкидлашича, “Andijon silk Co” кластер корхонаси билан пиллакорларга тарозини устида пул бериб борилади. Пиллакорлар ортиқча овора бўлиб юрмайди.
Айни кунда касаначилар, фермер хўжаликлари белгиланган режани адо этиш, мўл ҳосил олиш учун астойдил меҳнат қилмоқда.
Мухтасар айтганда, ўз ишининг ҳақиқий устасига айланган пахтаободлик пиллакорларнинг шашти баланд. Улар пилладан ҳар йилгиданда мўл ҳосил олиш учун астойдил меҳнат қилмоқда.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/1gqw293-ACc" title="Paxtaobodlik pillakorlarning shashti baland" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Фахриддин Убайдуллаев, Зуҳриддин Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари.