Жорий йил 11 октябрь куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида маҳаллаларни тоза ва обод ҳудудга айлантириш, аҳолини ўйлантираётган экологик муаммоларни ҳал этиш бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида қатор вазифалар белгиланиб, юртимизда умуммиллий ҳаракатга айланган “Яшил макон” лойиҳаси доирасида ўтган йилги тажрибадан келиб чиқиб, 20 октябрдан 1 декабргача кўчат экиш бўйича “долзарб 40 кунлик” эълон қилинди.
Ана шу вазифалар ижросини таъминлаш, “долзарб 40 кунлик”ни самарали ўтказиш мақсадида Андижон вилоятининг барча туман ва шаҳарларида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Пахтаобод тумани Туркистон массивида фермер хўжаликлари раҳбарлари ва қишлоқ хўжалиги ходимлари иштирокида катта йўллар, фермер хўжаликлари далалари четларига тут, павловния ҳамда бошқа манзарали дарахт кўчатлари экиш акцияси ўтказилди.
[gallery-9223]
– Фаоллар “Яшил макон” лойиҳаси доирасидаги кўчат экиш ишларида иштирок этмоқда, – дейди туман ҳокими Азизбек Латифжонов. – Мақсадимиз, саломатлигимиз, ҳаётимиз учун муҳим бўлган яшил майдонлар барпо этиш, ўзимиз яшаётган масканларни тоза ва обод ҳудудга айлантириш ишига муносиб ҳисса қўшиш, қолаверса, юртдошларимиз, айниқса, ёшларни ушбу хайрли ишга янада кенгроқ жалб этишдир.
“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида туманда жами 990 минг 300 туп мевали ва манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилиши режалаштирилган бўлиб, шундан жорий йил баҳор мавсумида 540 минг 200 туп кўчат экилган эди.
Туманда куз мавсумида яна 450 минг 100 туп кўчат ўтқазиш кўзда тутилган. Ҳозирга қадар ана шу кўчатларнинг 205 минг тупдан ортиғи экиб бўлинди.
Шу кунларда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасидаги ишлар Андижон вилоятининг барча туман ва шаҳарларида қизғин давом этмоқда.
Ф.Убайдуллаев, З.Умрзоқов (сурат), ЎзА