Пахтанинг ўзи енгил, аммо меҳнати оғир
Сокин, тароватли кузнинг яна бир тонги отди. Нонушта қилаётган Раъно опа уч фарзандини етаклаб ишга отланаётган келинига қараб беихтиёр хаёлга чўмди. Ёшлик даври, келинлиги ёдига тушди.
– Ҳозир айни йиғим фасли, айниқса, пахта терими авжида, биз бу ёшда бир боламизни қўлда кўтариб иккинчисини етаклаб, эрта тонгдан далага отланардик, – дейди Раъно опа. – Айниқса, сентябрь, октябрь ойларида ҳаёт бутунлай бошқача тус олар эди. Қишлоқда ёш-қари, ўқувчи-ю ўқитувчи, шифокор ва ҳамшира, хуллас, ҳамма пахта билан банд бўларди. Болалигимни эсласам, кўз олдимга пахта келади: аввалига ғўзани ягона қилиб, бегона ўтдан тозалаш, чопиқ, кейин териш... қиш келиб қолганини сезмасдик. Бугунгидек тўгарак, ўқув курси қаёқда, дейсиз?! Ҳатто, мактабда дарсни тўлиқ ўқиш имкони йўқ, ўқув йилининг яримидан кўпи далада ўтарди.

Ҳозирги аёлларга, ёш оналарга ҳавасим келади. Улар учун ҳамма имконият яратилган. Биргина мисол: аёллар боласи уч ёшга тўлгунга қадар ишламай, фарзанд тарбиялаши мумкин. Бола кучга кириб, ўзини ўзи эплайдиган бўлганда, хоҳласа хусусий, хоҳласа давлат боғчасига боради. Хотин-қизлар олий маълумотли бўлиши учун давлатимиз раҳбари томонидан кўплаб қулайликлар берилмоқда. Ўқиш учун турли имтиёзли кредитлар ажратиляпти. Қанийди ёшлигим қайтиб келса-ю, бир умр орзу қилган касбим – ўқитувчиликка ўқиб, сизларга ўхшаб давлат ташкилотида ишласам...
Қашқадарёнинг олис қишлоғида яшайдиган Раъно опа олти фарзандни камолга етказиб, олий маълумотли, ишли, уйли-жойли қилди. Келинлари ҳам олий маълумотли, жамиятда ўз ўрнига эга аёллар. Қайнона-келинлар, худди, она-боладек сирдош. Шу ҳовлида яшайдиган кенжа келини ҳар куни эрта тонгдан рўзғор ишларига уннайди. Юмушини бажариб бўлгач, чиройли кийиниб, уч фарзандини машинасига ўтқазади. Аввал болаларни мактаб, боғчага ташлайди, сўнг хотиржам мактабга ишга боради. У – ўқитувчи.

Қишлоқдаги қулайликлар шаҳарникидан қолишмайди. Набиралар замонавий шароитдаги хусусий мактабгача таълим муассасасига боради. Олти ёшли Азиза инглиз, рус тилларида бийрон гапиради.
Онахоннинг бугунги дориломон кунлардан шукронаси, бошидан ўтган оғир кунлар ҳақидаги ҳикоясини бефарқ тинглаб бўлмайди:
– Бугунги тўкин-сочин, хотиржам ҳаётнинг қадр-қимматини, айниқса, кекса авлод вакиллари теран ҳис қилади. Юртимизда куз нафақат йиғим-терим, балки тўй-тантана, маросимлар фаслига ҳам айланган. Йил бўйи йиққан-терган даромадини яхши кунга, тўйга сарфлашни ният қилган халқимиз, асосан, кузда элга дастурхон ёзади. Шукур, ҳар куни тўй. Бир замонлар пахта терими пайти тўй қилиш у ёқда турсин, ҳатто, икки қўшни аёл кўчада кўришиб қолса, бемалол суҳбатлашишига ҳам рухсат йўқ эди. Ёш болангиз борми, бетобмисиз, фарқи йўқ – теримга чиқишга мажбур эдингиз. Ёдимда, ҳали уч ойлик ҳам бўлмаган чақалоғим бироз оғриб қолди ва пахтага чиқолмадим. Ўша куни раис уйимизга келиб, қайнонамга номаъқул гапларни айтиб кетган эди. Эртаси куни боламни кўтарганча, далага отланганман. Пахта етиштирардик, кунимиз далада ўтса-да, тузукроқ мато қидириб тополмасдик. Терим учун берилган арзимаган чой-чақа, ғўзапоя учун шунча машаққат чекканмиз...

Мана, ҳозир ҳам юртимизда пахта йиғим-терими айни авжида. Аввалгидек давлат ташкилотлари ходимлари, айниқса, ўқитувчи ва шифокорлар теримга олиб чиқилаётгани йўқ. Ўқувчи ва талабаларни жалб этиш ҳақида эса умуман гап-сўз бўлиши мумкин эмас. Ҳамма ўз иши, касби билан банд. Ҳосил қишлоқ хўжалиги ходимлари, фермер ва кластерлар томонидан йиғиштириб олиняпти. Хуллас, ҳеч ким ҳеч нимага мажбурланмайди. Аслида, қачонки инсон ўз хоҳиши, истаги билан бирор ишга қўл урсагина, ўша ишда унум, оилада барака, хотиржамлик бўлади.
Бугунги кун теримчиси кузнинг ҳар бир қуёшли кунидан унумли фойдаланиш, оила бюджетига даромад келтириш мақсадида пахта теришга ўз хоҳиши билан боряпти. Далада ҳашарчи учун ҳамма шароит яратилган: иссиқ овқат, тиббий хизмат ва ҳоказо. Энг муҳими, теримчиларга ҳар беш кунда меҳнатига яраша ҳақ тўланяпти. Илғорлар беш кунда 4-5 миллион сўмгача пул оляпти.
Айни кунларга эса осонлик билан етиб келганимиз йўқ. Президентимизнинг доимий эътиборидаги масала одамлар оғирини енгил қилиш, меҳнаткаш ва танти халқимизни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлашга қаратилган эзгу амаллар самараси бу. Ўтган йиллар давомида эзгу мақсад йўлида, пахтачилик соҳасидаги сиёсатни ўзгартириш бўйича кўплаб фармон, қарорлар қабул қилинди. Мажбурий пахта теримини бекор қилиш, ишчи ёллашда мажбурлашни тақиқлаш, бундай ҳуқуқбузарликлар учун қатъий жазо чораларини назарда тутувчи янги сиёсат жорий этиш орқали юртимизда мажбурий меҳнатга тўлиқ барҳам берилди.
Ана шундай саъй-ҳаракатлар самараси ўлароқ, 2020 йил “Cotton Campaign” коалицияси Ўзбекистон пахтасига бойкотни бекор қилди. Мазкур қарор 2021 йил мамлакатимизда пахта йиғим-теримида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга умуман йўл қўйилмагани муносабати билан қабул қилинди. Меҳнат ва инсон ҳуқуқини ҳимоя қилувчи ташкилотлар, сармоядорлар, нуфузли фирма ва компанияларни жамлаган мазкур халқаро коалиция ўз қарори билан ўзбек пахтаси учун ёпилган кўплаб эшикларни очди.
Халқимиз пахтанинг ўзи енгил, аммо меҳнати оғир, деб бежиз айтмаган. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида пахтачиликнинг оғир, машаққатли юки фарзандларимиз, хотин-қизларимиз, миллатимизнинг елкасидан олиб ташланди.
Гўзал Сатторова,
ЎзА мухбири