Пахтакорда ижобий ўзгаришлар юз бермоқда
Жиззах вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати ташаббуси билан Пахтакор туманига ташкил этилган пресс-тур иштирокчилари ҳудуддаги янгиланишлар билан бевосита танишиб, амалга оширилаётган ишлар самарасини жойида кўрди.
Бугун Пахтакорда кечаётган ўзгаришлар мамлакатимизда изчил амалга оширилаётган ислоҳотларнинг амалий ифодасидир. Буни эса, энг аввало, рақамлар ва улар ортидаги реал натижалар тасдиқлайди.
Хусусан, 2025 йилда 15 минг 364 нафар аҳоли бандлиги таъминланиб, ишсизлик даражаси 5,9 фоиздан 4,4 фоизгача камайтирилди. “Paxtakor teks” МЧЖда 384 та янги иш ўрни яратилгани ҳудудда саноат салоҳияти ортиб бораётганини кўрсатади.
Камбағалликни қисқартириш борасида 5301 нафар аҳоли қўллаб-қувватланиб, натижада кўрсаткич 12,9 фоиздан 4,1 фоизга туширилди. Бу эса манзилли ишлар орқали одамлар ҳаётида сезиларли ўзгаришлар юз бераётганидан далолат беради.
[gallery-29115]
Пресс-тур давомида инфратузилма объектларида амалга оширилган ишлар ҳам кўздан кечирилди. Сувонобод, Чаманзор ва Буюк ипак йўли маҳаллаларида 7 километр лоток ва 6 та насос агрегати ишга туширилиб, томорқаларни суғориш имконияти яхшиланди. Электр таъминотини барқарорлаштириш мақсадида трансформаторлар янгиланди. “Ташаббусли бюджет” доирасида 28,4 километр ички йўллар асфальт қилиниб, ҳудуд қиёфаси янгича тус олди.
Қишлоқ хўжалигида ҳам самарадорлик ортиб, 102,6 минг тонна ғалла ва 53,6 минг тонна пахта етиштирилди. Ҳосилнинг асосий қисми замонавий техника ёрдамида йиғиб олингани меҳнат унумдорлигини оширди. Сувдан оқилона фойдаланиш натижасида 1 минг куб метр сув тежалди.
Ижтимоий соҳада ҳам изчил янгиланишлар амалга оширилмоқда. 13 минг 781 нафар ўқувчи таълим олаётган мактабларда замонавий шароитлар яратилди. 872 нафар битирувчининг 445 нафари олий таълимга қабул қилингани таълим сифатининг ошганини кўрсатади. Тез тиббий ёрдам хизматида чақириқларга жавоб бериш вақти 10–15 дақиқадан 1 дақиқагача қисқаргани эса аҳоли саломатлигига қаратилган эътиборнинг амалий натижасидир.
Пресс-тур якунида туман ҳокими Ҳусан Абдувоҳидов журналистларнинг саволларига жавоб бериб, амалга оширилаётган ишларда энг асосий мезон аҳоли манфаати эканини таъкидлади.
Қисқаси, Пахтакордаги ўзгаришлар рақамларда эмас, балки одамлар ҳаётида намоён бўлмоқда. Бу эса юртимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг ҳаётий самараси эканини яна бир бор тасдиқлайди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА