«Пахтакор» ва «Навбаҳор»ни жиддий синов кутмоқда
Футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг 17-туридан ўрин олган «Насаф» – «Андижон» клублари ўртасидаги баҳс 3:0 ҳисобида якунланди.
Қарши шаҳридаги «Марказий» стадионида ўтказилган ушбу учрашувнинг 3-дақиқасида Жигаури ҳисобни очган бўлса, Зоран Марушич 22, 68-дақиқаларда гол урди. Шу тариқа, «аждарлар» йирик ғалабадан сўнг очколар сонини 38 тага етказиб олди ва яққол пешқадам сифатидаги мавқеини янада яхшилади.
Пойтахтимизнинг "Локомотив" клуби «Дўстлик» стадионида ўтган ўйинда "Қизилқум"ни 4:2 ҳисобида мағлуб этди. Бунинг натижасида «темирйўлчи»ларнинг очко сони 15 тага етди.

Бугун, 26 август куни 17-тур доирасида «Сўғдиёна» – «Пахтакор», «Сурхон» – «Навбаҳор» учрашуви бўлиб ўтади.
Жиззахдаги «Сўғдиёна» стадионида соат 19:00 да бошланадиган «Сўғдиёна» ва «Пахтакор» жамоалари ўртасидаги ўйин кескин ва муросасиз ўтиши шубҳасиз. Айни вақтда ушбу жамоалар чемпионлик пойгасида иштирок этмоқда.

Миллий чемпионатлар доирасида ушбу жамоалар ўзаро 57 маротаба тўқнаш келган. Уларнинг 43 тасида «Пахтакор» зафар қучган бўлса, 7 та ўйинда дуранг қайд этилган ва қолган 7 тасида «Сўғдиёна» ғалаба қозонган. Тўплар нисбати «шерлар» фойдасига 134/47. Жиззахдаги ўйинларнинг 18 тасида «Пахтакор» муваффақиятга эришган. Беш марта мезбонларнинг қўли баланд келган ва беш бор дуранг натижа қайд этилган. Ўз-ўзидан кўриниб турибдики, статистика пойтахт жамоаси томонда. «Сўғдиёна» ҳам бу йилги чемпионатда бир маромда анча яхши ўйин кўрсатмоқда. «Пахтакор»нинг эса ҳамон ўйинлари қовушмаяпти. Суперлиганинг бу йилги мавсумида ушбу жамоалар илк учрашувини Тошкентда ўтказган ва унда «Сўғдиёна» 3:2 ҳисобида ғолиб бўлган.
«Навбаҳор» ва «Сурхон» жамоалари эса шу кунгача миллий чемпионатларимиз тарихида ўзаро 35 марта рўбарў келган. Ушбу ўйинларнинг 24 тасида «лочинлар»нинг қўли баланд келган (битта ўйинда «Навбаҳор»га техник ғалаба ёзилган), 6 тасида термизликлар ғалаба қозонган бўлса, 5 та баҳсда жамоалар муросани танлаган. Тўплар нисбати – 86/26, «Навбаҳор» фойдасига. Ўзаро учрашувларда «Навбаҳор» 77 очко, «Сурхон» 23 очкони қўлга киритган.
Ушбу жамоалар ўртасидаги ўйинлардаги энг йирик ҳисоб 9:0 бўлган. Таъкидлаш жоизки, наманганликлар ўтказилган 35 та баҳснинг 12 тасида термизликлар устидан йирик ҳисобда зафар қучган.
Жамоаларнинг шу кунгача Термизда бўлиб ўтган 17 та ўйинидан 7 тасида «Навбаҳор» ғалаба қозонган бўлса, 6 тасида «Сурхон» зафар қучган, 4 та баҳсда дуранг қайд этилган. Мазкур жамоаларнинг биринчи даврада Наманганда бўлиб ўтган баҳсида жанговар дуранг – 2:2 ҳисоби қайд этилган.
Эндиги «Cурхон» – «Навбаҳор» жамоалари ўртасидаги учрашув Самарқанддаги «Динамо» стадионида соат 20:00 да бўлиб ўтади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА