Футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг иккинчи давра баҳсларини "Бухоро" – ОКМК ва "Машъал" – "Пахтакор" жамоалари ўртасидаги ўйинлар бошлаб берди.
Суперлиганинг 16-тури доирасидаги "Машъал" ва "Пахтакор" учрашуви Ғузордаги "Марказий" стадионида ўтди. Учрашувда пойтахт клуби аъзоси Достонбек Ҳамдамов томонидан 74-дақиқада киритилган гол ўйин сўнгига қадар ўзгармади. Натижада “Пахтакор” ғалаба қозониб, очколари 29 тага етди. “Машъал” эса 15 очко билан қолди.

Қарши шаҳридаги "Марказий" стадионида ташкил этилган "Бухоро" ҳамда ОКМК жамоалари баҳси 0:2 ҳисобида ўз якунига етди. Олмалиқ шаҳрининг бош жамоасига ғалаба келтирган голларга Наоаки Сенага ва Рубен Санчес муаллифлик қилди. Шу тариқа, олмалиқликлар очколарини 30 тага етказиб олди. "Бухоро" эса ҳамон 12 очко билан 15-поғонада бормоқда.
Бугун, 2 август куни миллий чемпионатимиз доирасида “Нефтчи” – “Бунёдкор”, “Сўғдиёна” – “Насаф” клублари ўзаро рақобатлашади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА