«Пахтакор» мағлуб бўлишда давом этмоқда
Бу йилги футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигаси ўзининг кутилмаган натижалари билан мусобақа ихлосмандларини ҳайратга солишда давом этмоқда. Чемпионатнинг 4-туридан ўрин олган «Пахтакор» ва «Сўғдиёна» жамоалари ўртасидаги ўйинда ҳам кутилмаган натижа қайд этилди.
Ўтган мавсумда Суперлига ғолиби бўлган «Пахтакор» ушбу мавсумда юқори савияда ўйин ўтказа олмаяпти. Куни кеча, миллий биринчилигимизнинг 4-турида пойтахт клуби ўз майдонида «Сўғдиёна»га 2:3 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди. Учрашувда майдон эгалари голларига Дониёр Абдуманнопов ва Диёр Холматов муаллифлик қилган бўлса, меҳмонларнинг учта голи Шоҳруҳ Абдураҳмоновга тегишли бўлди.

Шу тариқа, «Бўрилар» ушбу зафардан кейин очколарини 5 тага етказиб олди ва жадвалда 8-ўриндан жой олди. «Шерлар» 4 очко тўплаган бўлиб, 9-поғонани банд этди.
«Пахтакор» кетма-кет 5 та уй учрашувида ғалаба қозона олмаяпти. Пойтахт клуби сўнгги бор ўз майдонида ўтган йилнинг 24 октябрь куни Осиё чемпионлар лигасида бўлиб ўтган «Ахал»га қарши беллашувда зафар қучган. Бу қора анъана қачонгача давом этиши ҳамон сўроқ остида турибди. Балки футболчилар учун янги мураббий керакдир!

Дарвоқе, «Сўғдиёна»нинг ушбу турдаги ғалабасини таъминлаган Шоҳруҳ Абдураҳмоновнинг голлари, мавсумдаги илк хет-трик сифатида тарихда қолди. Шунингдек, бу ғалаба «Бўрилар»нинг ғалабасиз сериясига нуқта қўйди. Бундан олдин сўнгги бор жамоа ўтган мавсумда – 4 ноябрь куни «Бухоро»ни таслим қилганди. Меҳмонда эса охирги марта 30 июлда «Бунёдкор» мағлуб қилинганди.
Суперлиганинг ушбу турида «Андижон» ва «Насаф» жамоалари ўртасидаги ўйин 1:1 ҳисобида якунланди. Ўйинда майдон эгалари голига Ислом Маматказин, меҳмонларнинг голига эса Зоран Марушич муаллифлик қилди. Мазкур натижадан сўнг, «Бургутлар» ва «Аждарлар» очколарини 8 тага етказиб олди.
Бугун, 4-тур доирасида «Олимпик» – «Нефтчи» ва «Навбаҳор» – «Сурхон» клублари ўзаро рақобатлашади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА