“Пахтакор” иккинчи маротаба Суперкубок соҳиби!
Суперкубок ўйинига тайёргарлик жиддий бўлди – совринни ўзи билан бирга олиб қайтиш мақсадидаги “Пахткор” ва “Насаф” томонидан ҳам, тадбирни юқори савияда ташкил этишни мақсад қилган ЎзПФЛ томонидан ҳам, мезбонликни маромига қўйишни уддалашга уринган “Турон” клуби томонидан ҳам ва ҳаттоки Тошкент, Қаршию фарғоналик мухлислар томонидан ҳам.
Баҳсдан бир кун олдин водий томон йўлга чиққан Суперкубок котрежи Қўқон ва Яйпан шаҳарлари бўйлаб “сайр қилди”, ўйин кунида Суперкубок Қўқон ва Яйпан шаҳарларида намойиш этилди, каттаю-кичикнинг “сельфи” манбасига айланди. Шу куни стадионга ташриф буюрган томошабинлар чиройли футбол билан бирга эл суйган санъаткорлар – Фарҳод ва Шириннинг дилрабо куй-қўшиқларидан ҳам баҳраманд бўлишди.
Учрашув кутилганидек шиддатли ва томошабоп руҳда ўтди. Майдонда тенг кучли жамоалар курашгани учун, хавфли вазиятларга бой ўтгани учун ҳам йиғилганлар зерикиб қолишмади. Омад эса “Пахтакор” жамоасига кулиб боқди. Азиз Турғунбоевнинг қанотдан ошириб берган тўпини Черан боши билан уриб, дарвозага аниқ йўллади.
Шу тариқа “Пахтакор” ўз тарихида иккинчи маротаба Суперкубокни қўлга киритди. Ўтган йили Самарқандда кечган баҳсда ҳам айнан шу жамоалар ўзаро беллашган ва ўшанда ҳам айнан шу натижа қайд этилганди.

Ўзбекистон Суперкубоги.
27 февраль, якшанба
ПАХТАКОР – НАСАФ - 1:0 (0:0).
Фарғона. Яйпан. "Ўзбекистон" стадиони. 7200 томошабин
Ҳакамлар: Акобирхўжа Шукуруллаев, Алишер Усмонов, Бахтиёрхўжа Шавкатов, Ғайрат Жўраев
Назоратчи: Бахтиёр Намозов
ВАР ҳаками: Аҳрол Рисқуллаев
ВАР ассистенти: Рустам Лутфуллин
Комиссар: Жаҳонгир Раҳматуллаев
Гол: Драган Черан, 61(1:0)
"Пахтакор": Элдорбек Суюнов (Санжар Қувватов, 45+1), Ҳожиакбар Алижонов, Олексей Ларин, Икромжон Алибоев, Одилжон Ҳамробеков, Азизбек Турғунбоев ( Жасурбек Ёқубов, 90+3), Драган Черан, Сардор Рашидов (Хожимат Эркинов, 81), Камен Хажиев, Сардор Собирхўжаев (Оливер Шаркич, 81), Фарруҳ Сайфиев
"Насаф": Умиджон Эргашев, Ғолиб Ғайбуллаев, Шароф Муҳидинов, Дилшод Саитов, Иван Соловьёв (Азиз Холмуродов, 80), Ҳусайн Норчаев, Суҳроб Нуруллоев (Ҳусниддин Алиқулов, 86), Акмал Мозговой, Шерзод Насруллаев, Марко Станоевич (Баҳром Абдураҳимов, 80), Умарбек Эшмуродов
Огоҳлантиришлар: Фарруҳ Сайфиев (13), Азизбек Турғунбоев (49), Икромжон Алибоев (53), Санжар Қувватов (75), Драган Черан (83), Одилжон Ҳамробеков (87) – Марко Станоевич (20), Азиз Холмуродов (90+4).
Ойбек ЮНУСОВ, ЎзА