“Пахтакор” чемпионлик курашига қўшилди
Футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг 16-турига "Навбаҳор" - "Бунёдкор" жамоалари ўртасидаги беллашув якун ясаб берди.
Намангандаги “Марказий” стадионида ўтказилган ушбу учрашувнинг 8-дақиқасида “Бунёдкор” клуби аъзоси Андрия Филипович гол уриб, ҳисобни очган бўлса, орадан ўн дақиқа ўтиб Жамшид Искандеров бурчак тўпини тўғри дарвозага жойлаб қўйди. Иккинчи бўлимнинг 60-дақиқасида "Навбаҳор" дарвозасига пенальти белгиланди ҳамда бу имкониятдан Темурхўжа Абдухолиқов унумли фойдаланди. 90+10-дақиқада эса "Бунёдкор" дарвозаси томон белгиланган пенальтини Ж.Искандеров аниқ бажарди ва ҳисобни 2:2 кўринишига олиб келди. Шу тариқа икки жамоа 2:2 ҳисобидаги дурангга имзо чекиб, бир очкодан бўлишиб олди.

Мазкур турнинг энг қизиқарли учрашувларидан бири «Андижон» ва «Сурхон» ўртасида ўтди. Унда кутилмаганда “Сурхон” сафарда ўйнаган бўлса-да 3:2 ҳисобида ғалаба қозонди. Ушбу ўйин гарчи ёмғир остида ўтган бўлсада, «Бобур арена» стадионига 7 минг 852 нафар мухлис ташриф буюрди.
Пойтахтимиздаги «ЖАР» стадионида ўтган Тошкент дербисида «Пахтакор» кутилганидек 3:1 ҳисобида «Локомотив» жамоасини доғда қолдирди. Мазкур турдан ўрин олган "Қизилқум" - "Насаф" клублари ўртасидаги ўйин 0:1 ҳисобида якунланган бўлса, “ОКМК” сафарда "Динамо" клубига 2:3 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди. "Олимпик" – «Сўғдиёна» баҳсида 0:1 ҳисоби қайд этилди. Олмалиқ шаҳридаги «ОКМК» спорт мажмуасида ўтказилган «Металлург» – «Нефтчи» клублари ўртасидаги ўйинда ҳисоб очилмади.

Ушбу турдан сўнг, Суперлига тўпурарлари орасида Люпче Дориев (“Сўғдиёна”) 10 та гол билан яққол пешқадамга айланиб олди. Уни Драган Черан (“Пахтакор”) ва Тома Табатадзе (“Навбаҳор”) 8 та гол билан таъқиб этмоқда. Ўтган 16 турда голли узатмалар узатиш борасида “Андижон” клуби аъзоси Бектемир Абдуманнонов 7 та тўп узатма билан ҳамон етакчилик қилмоқда.
Суперлиганинг 16-тур учрашувларидан сўнг жадвалда “Насаф” клуби 15 ўйин ўтказиб, 32 очко жамғарган ҳолда яққол пешқадамга айланди. Ушбу клубдан битта ўйин кўп ўтказган “ОКМК” жамоасида эса 29 очко бор ва улар иккинчи ўринга жойлашди. Улар ортидан 15 та ўйин ўтказган “Сўғдиёна” 27 очко билан, “Пахтакор” эса 25 очко жамғариб, 3-4 ўринларда бормоқда. “Нефтчи” эса 23 очкони қўлга киритган ҳолда кучли бешликдан ўрин олган.

Шунингдек, “Сурхон” 22, “Навбаҳор” ва “Олимпик” 20, “Андижон” 19 очко, “Қизилқум” 18 очко тўплаган ҳолда кучли ўнликка жойлашган. “Динамо” 17 очко билан 11-ўринда бораётган бўлса, “Локомотив” ва “Бунёдкор” 12 очко, “Металлург” 11 очко билан қуйи ўринларда қолмоқда.

Маълумот ўрнида: 14-турнинг қолдирилган ўйинлари 20-22 август кунлари бўлиб ўтади. Унда "Нефтчи" - "Сўғдиёна", "Олимпик" - "Насаф", "Пахтакор" - "Сурхон" ўзаро рақобатлашади. Фақатгина мазкур турда ўтказилиши керак бўлган “Динамо” – “Навбаҳор” учрашуви 31 декабрь кунига қолдирилди.
Суперлига баҳсларининг 17-тур ўйинлари 23-26 август кунлари бўлиб ўтади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА