Пахта йиғим-терим ишлари давом этмоқда
Куз деҳқонларнинг йил бўйи қилган меҳнатлари сарҳисобини қиладиган фасл. Бу даврда етиштирилган ҳосил йиғиштириб олиниб, келгуси йилга тайёргарлик кўрилади. Шу кунларда юртимизнинг барча ҳудудларида пахта йиғим-терими авжига чиққан. Навоий вилоятида ҳам ушбу мавсум уюшқоқлик билан олиб борилмоқда.
Жорий йил эрта баҳорда Кармана туманидаги 131 та фермер хўжалиги томонидан 4081 гектар майдонга чигит экилган бўлиб, 17 минг 360 тонна пахта ҳосили йиғиштириб олиш режалаштирилган.
Маълумотларга кўра, туманда пахта йиғим-терими мавсумини ёғин-сочинли кунларга қолдирмасдан қисқа фурсатларда якунлаш мақсадида 114 та терим отрядлари ташкил қилиниб, 140 дона пахта ташиш транспортлари бириктирилган. Шунингдек, 1714 гектар майдондаги ҳосил пахта териш машиналарида, 2367 гектар майдон эса қўлда териб олиш белгиланган. Пахта далаларидан териб олинган ҳосил “Бахт Тестиль” МЧЖга қарашли 3 та пахта қабул қилиш масканига топширилади. Масканлардаги электрон тарозилар тўлиқ “агротарози” ахборот тизимига уланган ҳамда ҳосил қабули тизимига интеграция қилинган.
[gallery-25429]
– Маҳалламиз ҳудудида 11 та фермер хўжалиги мавжуд бўлиб, улар томонидан эрта баҳорда 367 гектар майдонга чигит қадалган эди. Режамиз эса 1761 тонна пахта ҳосили йиғиштириб олиш, – дейди Шибзон маҳалласи раиси Абдулла Эргашев. – Ҳудудимиздаги “Абдураҳмон” ва “Болта Рашид Кармана” фермер хўжаликлари ўтган йили лизинг асосида пахта териш машинаси сотиб олган эди. Бугунги кунда терим машиналари унум билан ишлатилмоқда. Шунингдек, ҳар куни 400 нафарга яқин теримчи фермерлар далаларида терим жараёнларида иштирок этмоқда.
“Аҳмад Санжар орзуси” фермер хўжалиги раҳбари Маҳмуд Ҳайитов Кармана туманидаги илғор фермерлардан бири саналади. Фермер жорий йилда 28 гектар майдонда ғалла, 28 гектар майдонда пахта экиб, парваришлади.
– Ҳар йили ғаллачиликда ҳам, пахтачиликда ҳам олдимизга қўйилган мажбуриятларни ортиғи билан адо этамиз, – дейди М.Ҳайитов. – Жорий йилда ғалладан 70 центнердан ҳосил олдик. Пахтамиз ҳам ёмон эмас. “С-01” навини экканмиз. Ҳозирча ўртача 52-55 центнердан ҳосил йиғиштириб оляпмиз. Ҳали терилмаган майдонларимиз бор. Уларни ҳам йиғиштириб олсак, ҳосилдорлигимиз янада ошади. Пахтамизни маҳалламиздаги “Болта Рашид Кармана” фермер хўжалиги томонидан сотиб олинган пахта териш машинасида теряпмиз. Пахтачилик ва ғаллачиликдан ташқари, асаларичилик, чорвачилик тармоғимиз бор. Шунингдек, ғалладан бўшаган майдонларга такрорий экинлардан сабзи, шолғом, лавлаги экканмиз.
– “Boshiran” русумли тўрт қаторли пахта териш машинаси юқори самарадорликка эга бўлиб, 76-90 схемада экилган майдонларда терим ишларини олиб бориш учун мўлжалланган, – дейди терим машинаси оператори Умрзоқ Болтаев. – Ушбу техника ёрдамида кунигa ўртача 10 тонна пахта теряпман. Бу кўрсаткич қўл билан меҳнат қиладиган 100-110 нафар теримчининг ишига тенг келади. Машина кабинаси жуда қулай, барча жараёнлар автоматлаштирилган. 8-10 соат ишласангиз ҳам чарчоқ сезилмайди.
Айни кунларда вилоятда пахта йиғим-терими уюшқоқлик билан олиб борилмоқда.
Абдували Бўриев, Сирож Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари