Иқлим ўзгариши ва жаҳондаги мураккаб вазият сабабли озиқ-овқат хавфсизлиги асосий масалага айланмоқда. Жаҳонда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг нархи ошиши кутилмоқда. Бундай вазиятда, аввало, аҳоли талабини қондириш ҳамда экспорт имкониятларидан тўлиқ фойдаланишни талаб этмоқда.
Сўнгги йилларда қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш ва бозор механизмларини жорий этиш бўйича қатор ишлар амалга оширилди.
Мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги бўйича улкан салоҳиятга эга. Бозорларимиз тўкин, халқимиз ризқи мўл-кўл бўлишидан тортиб экспортдан қўшимча даромад топишгача бўлган жуда кўп масалалар айнан шу соҳа билан боғлиқ.
Давлат раҳбарининг қишлоқ хўжалиги масаласини алоҳида эътиборга олиб, соҳадаги долзарб вазифаларни кўрсатиб, тез-тез муҳокама қилиб бораётгани бежизга эмас.
Чунки қишлоқ хўжалиги иқтисодиётимизнинг тўртдан бир қисмини ташкил қиладиган муҳим соҳа. Бунинг замирида халқимиз фаровонлиги, нарх-наво барқарорлиги, қанча иш ўринлари ётибди.
Соҳада ўзининг ҳуқуқий ва амалий ечимини кутаётган муаммоли масалаларнинг мавжудлиги мамлакатимизда қишлоқ хўжалигини ривожланишига салбий таъсир кўрсатиб келди.
Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш бўйича узоқ муддатга мўлжалланган стратегиянинг мавжуд эмаслиги ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланишга, соҳага инвестицияларни кенг жалб этишга, ишлаб чиқарувчиларнинг юқори даромад олишига ва маҳсулотлар рақобатбардошлигини оширишга тўсқинлик қилди.
Соҳада ер ва сув муносабатларини такомиллаштириш, қулай агробизнес муҳитини ва юқори қўшилган қиймат занжирини яратиш, кооперация муносабатларини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш, мулк ҳуқуқини кафолатлаш, соҳага бозор механизмларини жорий этишни тақозо этаётган эди.
Президентимизнинг 2021 йил 8 июндаги «Ер муносабатларини тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги
ПФ-6243-сонли Фармони ва Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 24 ноябрдаги «Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини ижарага бериш тартибига доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида»ги 709-сонли қарори билан фуқароларга фермер, деҳқон хўжаликлари ташкил этишлари учун қулай имконият яратиб берилди. Бунда туман захирасида турган барча йўналишдаги ер майдонлари очиқ электрон танловга чиқарилиб, очиқ шаффофлик натижасида ер эгаси танловда ғолиб чиқиб, ер ўз эгасини топмоқда.
Президентимизнинг 2022 йил 24 августдаги ПФ-198-сон «Мулк ҳуқуқининг дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилиш, мулкий муносабатларга асоссиз аралашувга йўл қўймаслик, хусусий мулкнинг капиталлашув даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони билан ер участкасидан ихтиёрий воз кечиш тўғрисида нотариал тасдиқланган ариза бўлган тақдирдагина ер участкасига бўлган ҳуқуқларни бекор қилиш учун асос бўлиши белгиланди.Фермер ва деҳқонларимизнинг ерга, мулкка бўлган ишончи ортди.
Мева-сабзавотчилик ва боғдорчилик йўналишида ҳосилдорликни оширишга қаратилган ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.
Президентимизнинг 2021 йил 23 ноябрдаги ПҚ-20-сонли «Мева-сабзавотчилик ва узумчиликда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида деҳқон хўжаликларининг улушини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ҳамда 2022 йил 10 сентябрдаги
ПҚ-373-сонли «Деҳқон хўжаликлари ташкил этишни қўллаб-қувватлаш орқали аҳоли даромадларини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори билан Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда фермер хўжаликлари ва кластерлар фойдаланишидаги пахта ва ғалладан қисқартирилган ҳамда аҳоли пунктларига яқин ва сув таъминоти яхши бўлган ерлардан 2022 йил якунига қадар умумий 100 минг гектар экин майдонлари, 2023 йилда 95 169 гектар экин майдонлари аҳолига “E-AUKSION” электрон савдо платформасида очиқ электрон танлов орқали ижарага бериш белгиланди.
Натижада бугунги кунда 88136 минг гектар пахта ва ғалладан қисқартирилган ерлар аҳолига деҳқончилик қилиб даромадларини ошириш учун бўлиб берилди.
Бу ерларда 405937 та деҳқон хўжаликлари ташкил этилиб, улар томонидан 18404 гектарга сабзавот, 10133 гектарга картошка, 10325 гектарга полиз,
6954 гектарга мойли экинлар, 14091 гектарга дуккакли ва 28228 гектарга бошқа экинлар экилиб, бозорларимизни қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан тўлдириш билан бирга ўзлари ҳам яхшигина даромад олишди.
Мамлакатдаги ислоҳотлар натижасида мева-сабзавот экспорти 1,7 баравар ошиб, 1,1 миллиард долларни ташкил этди. Аҳолига ерларни бўлиб бериш ҳисобига бу йил қўшимча 1 миллион тоннадан зиёд озиқ-овқат маҳсулотлари етиштирилди.
Пахтачилик йўналишида ҳосилдорликни оширишга қаратилган ҳуқуқий асос яратилди.
Президентимизнинг 2019 йил 23 октябрдаги ПФ-5853-сон Фармони билан «Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг
2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегияси»га мувофиқ қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини харид қилиш ва сотишда бозор тамойилларини кенг жорий этиш муҳим йўналиш сифатида белгиланди.
Президентимизнинг 2020 йил 6 мартдаги ПҚ-4633-сонли «Пахтачилик соҳасида бозор тамойилларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори билан 2020 йил ҳосилидан бошлаб пахта хом ашёсининг харид нархини белгилаш амалиётидан воз кечилади ҳамда пахта хом ашёсини етиштирувчилар (фермер хўжаликлари, пахта-тўқимачилик кластерлари, кооперациялар)га районлаштирилган ғўза навларини эркин жойлаштириш ҳуқуқи берилади.
Қарорга мувофиқ жаҳон бозори нархлари таҳлилидан келиб чиқиб, ҳар йили 1 декабрга қадар келгуси йил ҳосили учун кутилаётган минимал нархлар эълон қилинишининг белгиланиши ва Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан 1 тонна пахта хомашёсининг минимал нархларининг 10250 млн. сўм миқдорда эълон қилиниб, пахта хомашёси нархининг бозор тамойиллари асосида эркинлаштириши натижасида деҳқонларимиз кўпроқ даромад олиш имкониятига эга бўлишди.
Президентимизнинг 2021 йил 10 ноябрдаги ПҚ-2-сон «Пахта хомашёсини етиштириш ва унинг йиғим-терим харажатларини молиялаштириш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан 2023 йил ҳосилидан бошлаб пахта-тўқимачилик кластерлари томонидан фермер хўжаликларига пахта хом ашёси етиштириш учун олдиндан тўлов пул шаклида амалга оширилиши, бунда, олдиндан тўловни натура шаклида амалга оширишга йўл қўйилмаслиги, минерал ўғит, ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари, техника ва техника хизматларига оид масалаларни мустақил ҳал қилиши, бунга ҳар қандай тарзда аралашиш тақиқланиши белгиланди.
Президентимизнинг 2022 йил 28 январдаги ПФ-60-сонли Фармонида Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясида аграр соҳани янада ривожлантириш бўйича аниқ вазифалар белгиланди. Хусусан, қишлоқ хўжалигига бозор механизмларини жорий этиш орқали деҳқон ва фермерлар даромадини 2 баравар ошириб, аграр тармоқда йиллик ўсишни камида 5 фоизга етказиш мақсад қилинди.
Пахтачилик йўналишида давлат аралашувининг қисқариши, нархларнинг бозор тамойиллари асосида эркинлашиши натижасида 2019 йилда 2830,2 минг тонна, ҳосилдорлиги 27,4 центнер, 2020 йилда 3064,0 минг тонна ҳосилдорлиги 29,6 центнер, 2021 йилда 3342,0 минг тонна ҳосилдорлиги
32,4 центнер, 2022 йилда 3493,3 минг тонна ҳосилдорлиги 33,8 центнерга ошди.
Дунёда ғалла етиштирувчи мамлакатлар жуда кўп. Масалан АҚШ ва Канада биргаликда дунё буғдойининг тўртдан бир қисмини ишлаб чиқаради. Жаҳон бозорида дон маҳсулотлари қимматлашмоқда. Яқинда Ҳиндистон буғдой экспортини тақиқлади. Бунга сабаб бозорлардаги нотинчлик ва у ердаги қурғоқчилик ҳам сабаб бўлди.
Бундай вазиятда мамлакатимизда бошоқли дон маҳсулотлари ҳажмини ва ҳосилдорлигини оширишга қаратилган ҳуқуқий ҳужжат зарур эди.
Президентимизнинг 2020 йил 6 мартдаги ПҚ-4634-сонли «Ғалла етиштириш, харид қилиш ва сотишга бозор тамойилларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан 2020 йил ҳосилидан бошлаб, давлат буюртмаси асосида бошоқли дон етиштириш амалиёти босқичма-босқич бекор қилинди, 2021 йил ҳосилидан бошлаб давлат томонидан ғаллага харид нархини белгилаш амалиётидан тўлиқ воз кечилди, давлат хариди тўлиқ бекор қилинди ҳамда фермерлар ва бошқа корхоналар томонидан етиштириладиган ғалла барча истеъмолчиларга, шу жумладан донни қайта ишловчи корхоналар, ғаллачилик кластерлари ва трейдерларга биржа савдолари орқали ёки тўғридан-тўғри шартномалар (фьючерс, форвард ва бошқалар) асосида эркин нархларда сотилиши белгиланди.
Президентининг 2021 йил 15 ноябрдаги ПҚ-10-сон «Ғаллани етиштириш ва сотишда эркин рақобатни таъминлайдиган бозор тамойилларини жорий этиш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ давлат бошқаруви органлари, шу жумладан барча даражадаги маҳаллий ҳокимликлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг бошоқли дон етиштиришда агротехник тадбирларни ўтказиш, моддий-техник ресурслар билан таъминлашга, ажратилган имтиёзли кредитлардан фойдаланиш йўналишларига, буғдойни сотиш жараёнларига, шу жумладан шартномалар тузишга, хўжаликларни дон тайёрлаш ва қайта ишлаш билан шуғулланувчи маълум корхоналарга бириктириш, республика ҳудудлари ўртасидаги ички ташувларга аралашуви қатъиян тақиқланади.
Президентимизнинг 2022 йил 28 майдаги ПҚ-262-сонли «Ғаллани етиштириш ва сотишда бозор тамойилини жорий этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан фермер хўжаликлари ва ғаллачилик кластерларининг моддий манфаатдорлиги оширилди, ғаллани давлат эҳтиёжлари учун зарур ҳажмдан ортиқ харид қилишдан воз кечилди.
Бошоқли дон сотишда давлат ресурсларига харид қилинадиган товар буғдой учун ишлаб чиқарувчилар билан бир тоннасига белгиланган дастлабки босқичда 3 млн.сўмдан ҳисоб-китоб қилинди.
Биржа савдоларига қабул қилинган буғдойни июль ойидан, маҳсулот етиштирувчиларнинг имкониятидан келиб чиқиб, график асосида биржа савдоларига чиқарилди. Фермер хўжаликлари томонидан биржа савдоларига қўйилган 1 тонна буғдой 3,2-3,5 млн.сўмгача сотилди.
Бошоқли дон маҳсулотлари 2021 йилда 7634,6 минг тонна
40.9 центнерга, 2022 йилда 7193,0 минг тонна, ҳосилдорлик 69.7 центнерга ошди.
Кейинги йилларда қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш ва бозор механизмларини жорий этиш бўйича қатор ишлар амалга оширилиши, давлат харид нархлари қарийб 3 баробарга кўпайтирилгани натижасида манфаатдорлик ошди, фермерлар даромади ҳам 2 бараварга ошди. Пахтачилик ва ғаллачилик ҳашар эмас, чинакам даромад манбаига айланди.
Мамлакатимизда сув ресурсларига бўлган талаб ҳам соҳани ривожланишига ўз таъсирини кўрсатиб келди.
Ўзбекистон Республикаси аҳолиси 2030 йилга келиб 39 млн. нафардан ошиши ҳамда иқлим ўзгаришлари оқибатида Ўзбекистоннинг сув ресурслари 3 млрд. метр кубга камайиши прогноз қилинмоқда.
Таъкидлаш жоиз, сувга бўлган талабнинг ортишини, республикада ишлатилаётган сувнинг 90 фоизи қишлоқ хўжалигига тўғри келишини инобатга олган ҳолда, сув ресурсларини тежаб-тергаб иқтисод қилиб самарали ишлатиш ҳамда сув тежовчи технологиялар қўллашни жадаллаштириш бугунги кундаги энг асосий вазифалардан бири бўлиб қолади.
Томчилаб суғориш орқали тонналаб мўл ҳосил олиш мумкин. АҚШ, Германия, Хитой, Туркия, Исроил, Миср ва бошқа давлатлар қишлоқ хўжалигида томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш усулидан кенг фойдаланмоқда.
Авваллари деҳқончилик-боғдорчилик билан шуғулланмоқчи бўлган киши канал ёки ариқдан экинларга сув тортиб келиши керак бўлган. Машаққати, харажати катта бўлса ҳам, шу услубда ишлаб келаётган фермерлар ҳамон топилади.
Кўллатиб суғоришда ҳосил бирдек бўлмайди. Сув минерал ўғитларни ўсимлик илдизидан бошқа жойга суриб кетади.
Лекин ҳозир инновация даври. Томчилатиб суғориш – далага эмас, ўсимликка сув бериш дегани. Минерал ўғитлар сув таркибига қўшилган ҳолда тўғридан тўғри илдизга етиб боради. Аввал 10 га яқин сувчи талаб қилинган ерни атиги бир киши суғориб чиқиши мумкин, вақтни, маблағни тежайди, ҳосилдорлик ошади.
Сув тежовчи технологиялар жорий этилиб, 88977 га ер майдони томчилатиб, 13666 га ёмғирлатиб, 4682 га ер майдонида дискрет суғорилди ва 200 минг га ер майдони лазерли текисланади.
Ислоҳотлар натижаси ўлароқ ўтган йили республикамиз бўйича
20 миллион тоннадан ортиқ мева-сабзавот, 7,4 миллион тоннага яқин дон,
3,4 миллион тоннадан зиёд пахта хом ашёси, 23 минг тонна пилла, 2,6 миллион тонна гўшт, 11 миллион тоннадан ортиқ сут маҳсулотлари, 8,3 миллиард дона тухум, 400 минг тонна балиқ етиштирилди.
Жорий йилнинг биргина 9 ойида дон маҳсулотлари 6,7 млн. тонна, картошка 2,6 млн. тонна, сабзавотлар 8 млн. тонна, полиз экинлари 1,6 млн. тонна, мева ва резаворлар 2,2 млн. тонна, узум 1,4 млн. тонна етиштирилди.
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажми 248,6 трлн. сўмни ташкил этиб, 2021 йилнинг мос даврига нисбатан 3,6 % га ошди.
Эришилган ижобий натижалар билан бирга, ҳали соҳада ўз ечимини кутаётган муаммолари масалалар талайгина.
Хусусан, соҳани коррупциядан ҳоли соҳага айлантириш, фермерларга фаолиятига маҳаллий ҳокимликнинг аралашувини олдини олиш, бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, рақобат муҳитини яратиш, фермерларга кластер корхоналарини эркин танлаш имкониятини бериш, кластерлар томонидан имтиёзли кредитлар ҳисобидан натура шаклида маҳсулот беришига чек қўйиш, шартнома тузиш эркинлигини таъминлаш, шартнома шартларига риоя этиш, суд қарорлари ижросини таъминлашда ҳал этилиши керак бўлган анчагина ишларимиз бор.
Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари
ва томорқа ер эгалари кенгаши
раиси ўринбосари З.Мустафақулов