Сурхондарё вилоятида пахта йиғим-терими мавсумига пухта ҳозирлик кўрилмоқда.
Жорий йил ҳосили учун вилоятда 1 минг 945 фермер хўжалиги 62 минг 852 гектар майдонда ғўза парваришлаб, салмоқли ҳосил етиштирди. Айни кунларда пахта далаларида сўнгги агротехник тадбирлар амалга оширилиб, ғўза барги суньий тўктирилмоқда. Дефолиацияни тез, сифатли бажариш учун воҳада етарли техника, ишчи кучи ва пуркагичлар жалб этилди.

Музработ туманидаги 220 га яқин фермер хўжалигида 7 минг гектар майдонда пахтанинг маҳаллий иқлимга мос, серҳосил ва эртапишар навлари парваришланмоқда. Бу йил 6 минг 82 гектар майдондаги пахта ғўзаларининг барги суньий йўл билан тўктирилади. Ҳозиргача икки минг гектардан ортиқ майдон дефолиация қилинди.

Туман ҳокими Абдулла Маматқулов пахтачилик-тўқимачилик кластерлари, фермер хўжалиги раҳбарлари ва соҳанинг бошқа масъул ходимлари иштирокида дефолиация ишларининг боришини таҳлил қилиб, ғўза баргини белгиланган муддатда суньий йўл билан тўктиришнинг ҳосилдорликни ошириш ва сифатли тола олишдаги аҳамияти ҳақида атрофлича фикр юритди. Соҳа ходимлари ва фермерларга мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиб, пахтачиликда муҳим бу тадбирни тез, сифатли якунлаш юзасидан тегишли вазифаларни белгилаб берди.

Бўлғуси йиғим-терим мавсумида сурхондарёлик пахтакорлар Хитойда ишлаб чиқарилган “FM WORLD 4MZ-4” русумли пахта териш машиналаридан фойдаланишни ҳам режалаштирмоқда. Ғўза баргининг тўктирилиши замонавий терим агрегатлари ёрдамида ҳосилни янада сифатли йиғиб олишга хизмат қилади.
Вилоятда ғўза дефолиацияси давом этмоқда.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири