Шу кунларда олтин кузнинг ўтаётган ҳар бир лаҳзасини ғанимат билган деҳқонларга мавсум сарҳисоби яқинлашмоқда. Далаларда етиштирилган пахта ҳосилини увол қилмай йиғиб олиш галдаги муҳим масалалардан биридир.
Хусусан, Тошкент вилоятида жорий йилда 70 минг гектардан зиёд майдондан 270 минг тонна пахта хомашёси етиштириш режалаштирилган. Айни кунларда вилоятнинг Бўка, Бекобод, Пискент туманларида пахта теримига киришилди. Жойлардаги 1 минг 69 нафар фермер хўжаликлари ва пахта-тўқимачилик кластерлари билан контрактация шартномалари тузган бўлиб, пахта йиғим-теримини уюшқоқлик билан ташкил этиш мақсадида 930 та терим отрядлари шакллантирилиб, уларга 1 минг 150 нафар теримчи жалб этилган.

Мавсумни 10 сентябрдан бошлаб бир ой муддат ичида тугатиш режа қилинган. Шунингдек, теримчиларга яратилган шароитлар, иш ҳақларининг ўз вақтида берилиши доимо назорат қилиб борилади. Мавсумда теримчилар хавфсизлиги, транспорт ҳаракати, теримда қатнашувчиларнинг соғлиғини муҳофаза қилиш ва бошқа барча хавфсизлик чоралари кўрилмоқда.
А.Мусаев,ЎзА.