Пахта терими авж паллага етди
Бухоро вилояти Қоракўл туманидаги 240 та фермер хўжаликлари жорий йилда “Мергантекс” ва “Кумуш калава” пахта-тўқимачилик кластерлари билан ҳамкорликда 9 минг 16 гектар ерга чигит қадашди. Шундан 5,6 минг гектар ерда “Бухоро-8”, 3,4 минг гектар ерга “Бухоро-10” навли пахта парвариш қилинди.
Қоракўллик лафзи ҳалол миришкорлар 32,5 минг тонна ҳосил етиштиришга бел боғлаган. Бу йил об-ҳавонинг пахтачилик учун қулай келганлиги, пахта ҳосили етиштиришни ўз вақтида молиялаштирилиши, минерал ўғит ва ёқилғи-мойлаш маҳсулотларининг ҳамда бошқа моддий ресурсларнинг кафолатли таъминланиши натижасида далаларда кутилган ҳосил етиштирилди.

Етиштирилган пахта ҳосилини қисқа муддатларда уюшқоқлик билан йиғиб-териб олишни ташкил этиш бўйича муҳим чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Уюшқоқлик билан давом этаётган пахта териш мавсумида қатнашиш истагини билдирган 18,5 минг нафар, шундан 9,1 минг нафар фермер хўжаликлари ишчилари, 9,3 минг нафар меҳнатга лаёқатли ишсиз фуқаролар 230 та терим отрядларига бирлашиб далада меҳнат қилмоқда.
Туман аҳолиси мазкур пахта терими мавсумида 5 миллиард сўмдан ортиқ даромад кўриши прогноз қилинмоқда. Териб олинган пахтани қабул қилиш масканларига ташиш учун 153 та трактор ва 306 та тиркама жалб қилинган. Бугунги кунда ушбу техникалар тўлиқ таркиб билан ҳаракатланмоқда. Шунингдек, 2 та пахта-тўқимачилик кластерлари билан транспорт корхоналари ўртасида шартномалар тузилиб, теримчиларни ташиш учун талаб қилинадиган 50 та автобуслар хизмати йўлга қўйилган. Теримчи ва пахта териш машиналари механизаторларига терилган пахта учун иш ҳақларини ўз вақтида тўланиб, илғор отряд раҳбарлари, теримчи ва механизаторларни рағбатлантириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Зариф Комилов,
ЎзА