Пастдарғомда от спорти мажмуаси очилди
Миллий гвардия Пастдарғом тумани қўриқлаш бўлимида от спорти мажмуаси қуриб фойдаланишга топширилди.
Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда иштирок этган Миллий гвардия қўриқлаш бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари З.Бўронов, Миллий гвардия вилоят бошқармаси бошлиғи Л.Яхшиликов ва туман ҳокими Ш.Худойбердиев Президентимизнинг шу йил 5 августда қабул қилинган “Чавандозлар мактаблари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда “Ўзбекистонда йилқичилик, от спорти, замонавий бешкураш ва полони 2025 йилгача ривожлантириш давлат дастури тўғрисида”ги қарорлари мамлакатимизда от спорти турларини ривожлантиришга хизмат қилишини таъкидлади.

Мазкур мажмуа ҳам ушбу мақсад йўлидаги саъй-ҳаракатларнинг бир кўриниши сифатида соҳа тараққиётига ҳисса бўлиши эътироф этилди. Бу ерда чавандозликка қизиқувчи ёшлар от спорти, учкураш, поло, замонавий бешкураш бўйича машғулотларда иштирок этади. Машғулотларни Миллий гвардия ходимлари олиб боради.

Маросимда Самарқанддаги меҳрибонлик уйлари ва SOS болалар маҳалласи тарбияланувчилари ҳам иштирок этиб, ушбу масканда чавандозликни ўрганиш учун яратилган шарт-шароитлар билан танишди. Шунингдек, Ватанимиз мустақиллигининг ўттиз йиллиги арафасида Миллий гвардия Ургут туман қўриқлаш бўлимининг янги маъмурий биноси ҳам фойдаланишга топширилди.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА