Партиянинг 2021 йилдаги устувор вазифалари белгиланди
Таъкидланганидек, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш борасида ЭКОТЕХНОПАРК ташкил қилингани партиянинг 2020 йилдаги фаолиятининг амалий натижаси бўлди.
Ўзбекистон Экологик партиясида якунланган йил сарҳисоби ҳамда Президентимизнинг Мурожаатномасидан келиб чиқадиган “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш” йилидаги партия ва унинг фракцияси олдида турган устувор вазифаларга бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон Экологик партияси масъуллари, партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар партия ташкилотлари ходимлари иштирок этди.
Давра суҳбатида партия фракциясининг қонун ижодкорлиги, назорат-таҳлил ва бошқа йўналишдаги фаолияти сарҳисоби, партия фракцияси олдида турган долзарб вазифалар, ҳудудий партия ташкилотларининг фаолияти самарадорлигини ошириш, жумладан, баҳолаш рейтинги тизими ва мезонлари, рақамли тизимга ўтиш афзалликлари борасида ўзаро фикр алмашилди.
Таъкидланганидек, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш борасида ЭКОТЕХНОПАРК ташкил қилингани партиянинг 2020 йилдаги фаолиятининг амалий натижаси бўлди.
Жорий йилда ЭКОТЕХНОПАРК таркибига бир вақтнинг ўзида экология соҳасида кадрларнинг малакасини ошириш, илмий-тадқиқотлар олиб бориш, унинг натижаларини ишлаб чиқаришга жорий қилиш ва маҳсулот олишга мўлжалланган илмий-текшириш, лойиҳа конструкторлик, технологик ташкилотлар, тажриба ишлаб чиқариш корхоналари киради ҳамда ушбу марказ назариядан амалиётга тамойили асосида фаолият олиб боради. Мазкур ЭКОТЕХНОПАРКнинг 16 та йўналиш бўйича инновацион ноу-хау технологиялари асосида хорижий инвестиция жалб қилишга қаратилган 125 миллион долларга тенг лойиҳалар мавжуд.
Шунингдек, тадбирда “Янги Ўзбекистон – мактаб остонасидан, таълим-тарбия тизимидан бошланади”, деган ғоя асосида белгилаб берилган кенг кўламли ислоҳотларни амалга оширишда партия дастурий режасига киритилиши маълум қилинди. Бу йўналишда барча ҳудудларда тарғибот ишларини кучайтириш, боғча, мактаб ва олийгоҳларда сифатли ҳуқуқий экологик таълимни йўлга қўйилганлигини назоратга олиш, кучайтириш, экологик маданиятни янада юксалтиришда барча куч ва имкониятларни сафарбар этиш кераклиги таъкидланди.
Гулноза БОБОЕВА, ЎзА