Партиядан яна бир хайрли ташаббус
Бухорода Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-Демократик партияси вилоят кенгаши “Аёллар қаноти” ташаббуси билан “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси вилоят бўлими ҳамкорлигида тиббий кўрик ўтказилди.
Тадбирда дастлаб “Соғлом оила – мустаҳкам оила” лойиҳаси доирасида “Оила мустаҳкам бўлса, жамият мустаҳкам бўлади” мавзуида давра суҳбати булиб ўтди. Аёлларда учрайдиган айрим касалликларнинг олдини олишга қаратилган бир қатор маърузалар тингланди.
Тиббий кўрикда вилоят марказидаги А.Навоий, Улуғбек, Кўкалдош, “Ёшлик” маҳалла фуқаролар йиғинларидаги “Темир дафтар” ва “Аёллар дафтари”га киритилган турли ёшдаги хотин-қизлар терапевт, онколог, эндокринолог, жарроҳ сингари мутахассис шифокорлар, шунингдек, юрак-қон томирлари ва тиш хасталикларини даволовчи 30 га яқин малакали мутахассислар қабулида бўлишди.
Мутахассислар томонидан тегишли маслаҳат ва зарур тавсиялар берилди. Даволанишга эҳтиёж бор хотин-қизларга тиббиёт муассасаларига йўлланма берилди. “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармасининг 16 турдаги жами 163 миллион сўмлик дори-дармонлари бепул тарқатилди.
–Бундай тадбирларнинг хотин-қизлар саломатлигини мустаҳкамлашдаги аҳамияти беқиёс, – дейди Бухоро шаҳридаги “Кўкалдош” маҳалла фуқаролар йиғини раиси, ЎзЛиДеП фаоли Малика Ишходжаева. – Турли касалликлар профилактикасини ҳеч шубҳасиз тиббий кўрикларсиз тасаввур этиш қийин. Шу боис, маҳалламиз аёллари ҳам ушбу тадбирда фаол қатнашди.
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-Демократик партияси томонидан хотин-қизлар йўналишида кўплаб хайрли тадбирлар амалга оширилмоқда. Мазкур тиббий кўрик ҳам аёллар соғлигини тиклаш, оилаларда соғлом турмуш тарзини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этди.
Зариф Комилов, ЎзА