Мамлакатимизда тадбиркорлик ва фермерлик фаолиятини янада ривожлантириш, бизнес эгаларининг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлашга устувор йўналиш сифатида эътибор қаратилмоқда. Мазкур жараёнда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – O‘zLiDeP фаол иштирок этмоқда.
Партиянинг Наманган вилояти кенгаши ташаббуси билан ташкил этилган “Тадбиркорлар, фермер ва деҳқон хўжаликларига ҳуқуқий ёрдам” мавзусидаги навбатдаги амалий учрашувда туманларда фаолият юритаётган тадбиркорлар, ҳунармандлар ва фермерлар қатнашди.

Мазкур акцияда туман адлия, камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлимлари, фермерлар кенгаши, солиқ ва банк ташкилотлари, шунингдек, бошқа тегишли масъул идоралар вакиллари жалб этилди.
Учрашувда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, уларни қийнаётган муаммоларни эшитиш ва уларга амалий ечимлар топишга алоҳида урғу берилди. Айни шу орқали жойларда ишбилармонларнинг ҳуқуқий фаоллиги ва давлат билан мулоқотдаги ишончини мустаҳкамланади.

– Мулоқотда тадбиркорлар томонидан “Open biznes” иловасида юзага келаётган техник ва ташкилий муаммолар, қуёш панелларидан фойдаланишда давлат томонидан бериладиган имтиёзларни амалга оширишдаги бюрократик тўсиқлар, солиқ ва банк соҳасидаги тушунмовчиликлар, фойдаланиш ҳуқуқидаги ер участкалари бўйича керакли ҳужжатларни расмийлаштириш, фермер ва деҳқон хўжаликларига сув етказиб бериш ҳамда кичик бизнес субъектларига кредитлар ажратилиши билан боғлиқ масалалар ўртага ташланди, – дейди Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Наманган вилояти кенгаши аппарат раҳбари Орифжон Маҳмудов. – Ўз навбатида, масъул идоралар вакиллари мурожаатлар юзасидан жойида ҳуқуқий маслаҳатлар берди. Қатор муаммолар шу ернинг ўзида ҳал этилди, айрим вақт талаб қиладиган масалалар бўйича эса аниқ муддатлар белгиланди ва назоратга олинди.

Партиянинг бундай ташаббуслари фуқаролар, хусусан, тадбиркорлар билан мулоқотда амалий ёндашувни кучайтириш, уларнинг муаммоларини жойида ҳал қилиш, давлат ва жамият ўртасидаги ишончли алоқани мустаҳкамлашга хизмат қилиши шубҳасиз.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА.