Партия съездига делегатлар сайланди
Андижонда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси вилоят кенгашининг навбатдан ташқари VIII конференцияси бўлиб ўтди. Унда партия вилоят кенгаши фаоллари, Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар кенгашлари депутатлари, партиянинг туман, шаҳар кенгашларидан сайланган делегатлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Конференция очилишида партия мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида, юртимиздаги сиёсий жараёнларда, шунингдек, миллий қадриятларни асраб-авайлаш, ривожлантириш, жамиятдаги турли муаммоларни кенг жамоатчиликка етказиш ва ижобий ҳал этишда фаол иштирок этаётганлиги алоҳида таъкидланди.
[gallery-12005]
Конференция кун тартибида иккита – “Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг навбатдан ташқари VIII съездига делегатлар сайлаш”, “Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси вилоят кенгаши таркибига киритилган ўзгаришлар тўғрисида” ги масалалар кўриб чиқилди. Биринчи масала юзасидан ЎзМТДП вилоят кенгаши раиси Ҳамиджон Омоновнинг маърузаси тингланди. Шунингдек, партия вилоят кенгаши раҳбари жорий йил 9 июль куни мамлакатимизда муддатидан илгари ўтказиладиган Президент сайлови, сайловга тайёргарлик жараёнида партия олдида турган муҳим вазифалар, тарғибот-ташвиқот тадбирларини самарали ташкил этиш хусусида гапирди. Шундан сўнг партиянинг VIII съездига делегат этиб сайлаш учун партия сафида самарали фаолият олиб бораётган, партия ғояларини тарғиб этишда фаоллик кўрсатаётган партия аъзоларидан 18 нафарининг номзоди кўриб чиқилиб, улар бир овоздан партия съездига делегат этиб сайланди.
Конференцияда кўрилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (фото), ЎзА