Партия сайловда фаол иштирок этишини маълум қилди
27 май куни Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг Эҳтиёжларни баҳолаш миссияси экспертлари — Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюронинг сайловлар бўйича катта маслаҳатчиси Алексей Громов ва Бюронинг сайловлар бўйича маслаҳатчиси М.Баркер-Циганиковалар Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий кенгашида бўлиб, партия вакиллари билан очиқ мулоқот қилишди.
Суҳбат давомида партия етакчиси Алишер Қодиров “Миллий тикланиш” демократик партиясининг сайловга жиддий тайёргарлик кўраётганини, бунда Президентликка номзодни тарғиб этиш учун замонавий PR технологиялардан фойдаланиш, сайлов технологияларини партия сайлов штаблари фаолиятига жорий қилиш учун тизимли ишлар олиб борилаётгани ҳамда бу жараёнга юқори малакали мутахассислар жалб этилганини маълум қилди.
Учрашувда Ўзбекистонда аёллар учун яратиб берилаётган шароитлар, уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари қандай таъминланаётгани хусусида ҳам сўз борди. Жумладан, М.Баркер-Циганикова хотин-қизлар масаласида партиянинг ички сиёсати билан қизиқди. Алишер Қодиров бу саволга жавоб қайтарар экан, аёллар масаласида “Миллий тикланиш” ўзига хос тарзда ёндашишини, ҳатто партия тизимида ишлаётган аёллар учун мослаштирилган иш тартиби жорий этилганини билдирди. Аёлларнинг оиладаги мавқеини янада мустаҳкамлаш учун мослашувчан меҳнат шароитларини яратиш партиянинг устувор вазифаси этиб белгиланганлиги таъкидланди.
Мулоқот чоғида А.Қодиров сайловда партиянинг фаол иштирок этиши ва сайлов натижаларига катта умид билан қараётганини маълум қилди.
Кейинги йилларда Ўзбекистон сайлов қонунчилиги такомиллаштирилиб, рақобат муҳити, сайловларнинг очиқ ва ошкора ўтишини таъминлашга хизмат қилмоқда. Бу эса шубҳасиз, барча номзодларга тенг шароитлар яратилишини таъминлашга хизмат қилади.
Учрашувда шунингдек, партиядан кўрсатиладиган номзод учун имзолар йиғиш масаласи, сайловда партиялар фаолиятининг молиялаштирилиши ва бошқа кўплаб масалалар муҳокама қилинди.
ЎзА